Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4485
6039
6212

-173
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102121
172957
187770

-14813

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 237 527
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишнинг мазмуни ва аҳамияти

Инвестициялар ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳаракатлантирувчи куч бўлиб, уларнинг ёрдамида иқтисодиётнинг инновациялар ва юқори технологиялар асосида ривожланиши қўллаб-қувватланади, импорт ўрнини босиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш сиёсатлари муваффақиятли амалга оширилади, замонавий инфратузилмалар ривожлантирилади, янгидан-янги иш жойлари яратилиб, ишсизлик муаммосининг олди олинади, энг асосийси эркин рақобат ва тадбиркорлик муносабатларига асосланган замонавий иқтисодий тизим ривожлантирилади. Инвестицияларнинг яна бир муҳим аҳамияти шундаки, улар ҳар қандай мамлакатнинг яқин ва узоқ келажакда ривожланиш истиқболларини белгилаб беради.

Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунида инвестицияларга қуйидагича таъриф берилади: “инвестициялар – қонун ҳужжатларида тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига киритиладиган моддий ва номоддий неъматлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар”. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция тўғрисида”ги Қонунига кўра: “инвестиция бу – иқтисодий самара (фойда, даромад) олиш ёки ижобий, ижтимоий натижага эришиш учун сарфланадиган пул маблағлари, банкларга қўйилган омонатлар, пайлар, қимматли қоғозлар (акция, облигациялар), технологиялар, машиналар, асбоб-ускуналар, лицензиялар ва самара берадиган бошқа ҳар қандай бойликлардир”. Маҳаллий тадқиқотчи И.А.Ахмедов инвестицияларни қуйидагича тасвирлаган: “инвестиция дейилганда барча турдаги миллий ва интеллектуал бойликлар тушунилиб, улар тадбиркорлик фаолияти объектларига йўналтирилиб даромад келтириши ёки бирор-бир ижобий самарага эришиши зарур”.

МДҲ мамлакатлари тадқиқотчилари орасидан россиялик мутахассис Т. Т. Фролованинг фикрига кўра: “инвестиция – бу хусусий сектор ва давлат томонидан мамлакатнинг ичида ва мамлакатдан ташқарида иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва қимматбаҳо қоғозларга узоқ муддатли қўйиладиган капиталдир”. Россиялик бошқа бир гуруҳ олимлар М. И. Ример, А. Д. Касатов ва Н. Н. Матиенколар фикрларига кўра эса: “иқтисодий адабиётларда инвестициялар тадбиркорлик фаолиятининг объектларига маблағларни инвестиция қилиш орқали эҳтиёжларни кейинги йиллар давомида янада тўлиқ қондириш мақсадида неъматларнинг жорий истеъмол қилинишидан воз кечишга қаратилган ҳаракат сифатида эътироф этилади”.

Жаҳонга машҳур Wikipedia интернет сайтида инвестицияга оид қуйидаги таъриф келтирилган: “инвестиция – бу муайян вақт давомида келгусидаги даромадларни кўриш мақсадида сарф этиладиган вақт, энергия ёки бошқа барча нарсалардир”.Шунингдек, иқтисодиёт, бизнес ва молия соҳасида машҳур интернет сайтлардан бири Investopediaда айтилишича, инвестиция деганда келгуси даромадни шакллантирадиган ёки қиймати ошадиган актив ёки буюмни харид қилиш тушунилади.

Умуман олганда, бу каби таърифларни яна кўплаб келтириш мумкин бўлиб, уларнинг мазмуни бир-бирларини ўзаро тўлдириб боради. Биз юқорида келтирилган таърифлардан келиб чиққан ҳолда инвестицияларга оид ўз таърифимизни келтириб ўтмоқчимиз: инвестициялар деганда капитални кейинчалик даромад олиш мақсадида бирор-бир мамлакат, ҳудуд, тармоқ ёки бошқа объектларга йўналтириш тушунилади. Инвестицияларнинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамиятини янада аниқроқ тасаввур қилишимиз учун қуйидаги чизмани келтириб ўтамиз:

Инвестициялар келиб чиқиш манбаларига кўра асосан иккитага, яъни хорижий инвестициялар ва ички инвестицияларга бўлинади. Инвестицияларнинг ушбу иккала тури ҳам қуйидаги объектларни ривожлантиришга йўналтирилади: ҳудудлар, тармоқлар, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари. Ҳудудлар инвестициялар йўналтириладиган асосий объектлардан бири бўлиб, энди юқорида айтиб ўтганимиздек, уларга инвестицияларни жалб қилишнинг моҳияти, аҳамияти ва мазмуни хусусида тўхталиб ўтамиз.

Ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишнинг энг муҳим шарти бўлиб ҳудуд иқтисодиётининг ривожланиш ҳолати ва хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда иш тутиш ҳисобланади. Дарҳақиқат, ҳар қандай ҳудуд ўзига хос иқтисодий шарт-шароитларга эга бўлиб, уларни комплекс тарзда ўрганиш инвестицияларни жалб қилишда тўғри ёндашишга замин яратади. Шу ўринда ҳудуд иқтисодиёти тўғрисида қисқача фикр-мулоҳаза билдириб ўтмоқчимиз. Россиялик тадқиқотчи В.В.Мишенко ҳудуд иқтисодиётини қуйидагича таърифлайди: “ҳудуд иқтисодиёти – бу ҳудуднинг тарихий, демографик, миллий, диний, экологик, табиий-ресурсли хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳудуд хўжалигининг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши жараёни билан бирга ҳудуднинг умумдавлат ва халқаро меҳнат тақсимотида тутган ўрнини билдирувчи комплекс соҳадир”. Япониялик профессор Ямамото Хисатоши ҳудуд иқтисодиётини асосан саккизта параметрга бўлиш асосида ўрганишни таклиф этиб, ҳар қандай инвестор ҳудудга ўз инвестициясини киритиш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин ана шу параметрларни комплекс тарзда ўрганиб чиқиши муҳим эканлигини ўз илмий тадқиқотларида асослаб беради (1-жадвалга қаранг).

1-жадвалга эътибор берган бўлсангиз, саккизта параметрнинг сўнггиси бўлиб ҳудуднинг иқтисодий кўрсаткичлари ҳисобланади. Шу ўринда савол туғилади: бу параметрдан ташқари бошқа еттита параметр ҳам ҳудуд иқтисодиётига тегишлику, нега шундай бўлишига қарамасдан ҳудуднинг иқтисодий кўрсаткичлари параметри яна алоҳида кўрсатилган? Бу саволга жавобан айтишимиз мумкинки, япон олими Ямомото Хисатоши томонидан таклиф этилган ушбу параметрлар асосан муайян ҳудудга инвестициялар киритишга қизиққан тадбиркорлар учун мўлжалланган бўлиб, улар ҳудуд иқтисодиётини фақатгина унинг ривожланишини белгилаб берувчи иқтисодий кўрсаткичлар орқали эмас, балки ушбу кўрсаткичларнинг шаклланишига таъсир кўрсатувчи бошқа бир қанча муҳим омиллар (яъни, бошқа параметрлар) билан бирга комплекс тарзда ўрганишни маъқул кўрадилар.

 

1-жадвал. Ҳудуд иқтисодиётини белгилаб берувчи асосий параметрлар тавсифи
Параметрларнинг номланиши
Қисқача тавсифи
 
1.
 
Турмуш тарзи ва жамият
Бунда ҳудуд аҳолисининг саводхонлилик даражаси, ҳудудда маданият ва таълим муассасаларининг ҳолати, ҳудуд аҳолисининг маънавий қиёфаси кабилар ўрганилади.
 
2.
 
Демография
Бунда ҳудуддаги миллат ва элатларнинг салмоғи, ҳудуддаги туғилиш ва ўлим суръатлари, ҳудуддаги меҳнат миграциясининг ҳолати, ҳудуддаги демографик муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар ўрганилади.
3.
Ташқи иқтисодий ва савдо муносабатлари
Бунда ҳудуднинг мамлакат ичидаги бошқа ҳудудлар ва хорижий мамлакатлар билан ўзаро иқтисодий ҳамда савдо алоқалари, ҳудуднинг экспорт ва импорт имкониятлари ўрганилади.
4.
Ҳудудий бошқарув
Бунда ҳудуд бошқаруви тузилмаси, ҳудуд иқтисодиётига оид бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳолати, хусусан инвестицияларнинг жалб қилинишини ҳудуд бошқаруви даражасида қўллаб-қувватлаш ҳолати ўрганилади.
5.
Фан ва технологиялар
Бунда ҳудудда фан ва технологияларни ривожлантириш марказларининг фаолияти ҳолати, ҳудудда фан ва технологияларни ривожлантириш дастурларининг қабул қилиниши ва амал қилиш ҳолати ўрганилади.
6.
Ҳудуддаги инфратузилмалар
Бунда ҳудудда транспорт ва логистика коммуникациясининг ҳолати, ҳудуддаги ишлаб чиқаришларнинг электр энергияси, табиий газ ва сув ресурслари билан таъминланиш ҳолати ўрганилади.
7.
Табиий ресурслар
Бунда ҳудуддаги барча табиий ресурслар, улардан фойдаланиш даражаси ўрганилади.
8.
Ҳудуднинг иқтисодий кўрсаткичлари
Бунда ҳудуд ривожланишининг иқтисодий кўрсаткичлари, ундаги молия-кредит тизими, ҳудудда тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари ўрганилади.

 

Юқоридаги 1-жадвалдан кўриниб турганидек, жаҳон мамлакатларида ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишда ҳудудлар иқтисодиётини комплекс тарзда ўрганишга жуда катта эътибор қаратилади.

Биз ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишнинг мазмуни ва моҳиятини асосан ҳудуд иқтисодиётини белгилаб берувчи параметрларни тасвирлаш ёрдамида очиб беришга ҳаракат қилдик. Энди, ҳудудларга инвестицияларни жалб қилишнинг аҳамиятини қуйидагилар орқали кўрсатиб ўтмоқчимиз:

– ҳудудларни жуда кўплаб белгилар бўйича тавсифлаш мумкин бўлиб, бизнинг тадқиқот ишимизда мамлакатимиздаги Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудлар сифатида олиниб, уларнинг ҳар бирига иқтисодий шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда инвестицияларни йўналтириш борасида ижобий натижаларга эришилса, бу мамлакатимиз миқёсида инвестицион фаолликнинг янада ошишига олиб келади;

– ҳудудларга инвестицияларни жалб қилиш нафақат улардаги иқтисодий имкониятларнинг кўтарилишига, балки ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини ошишига ҳам муҳим таъсир кўрсатади;

– ҳозирги кунда дунё тажрибасида оммавийлашиб бораётган эркин иқтисодий ҳудудлар мамлакатлар иқтисодиётига инвестицияларни, хусусан хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш суръатларини ошириш мақсадида ташкил этилаётган бўлиб, уларда яратилаётган замонавий корхоналар, янгидан-янги иш жойлари, жаҳон андозалари даражасидаги инфратузилмалар, шу жумладан замонавий хизмат кўрсатиш объектлари эркин иқтисодий ҳудудлар жойлашган шаҳарлар қиёфасини янада чиройли бўлишига олиб келмоқда.

Умуман олганда, инвестицияларни жалб қилишда ҳудудлар бирламчи аҳамиятга эга бўлиб, улардаги иқтисодий шарт-шароитлар ва бошқа имкониятларнинг инвесторлар талабларига мос келиши ҳар қандай тармоқ, ташкилот ва тадбиркорлик субъектларини янада ривожлантиришга кўплаб имкониятларни яратади. Бошқача қилиб айтганда, ҳудудлар ўзларининг хусусиятлари билан инвестициялар йўналтириладиган асосий объектлар сифатида эътироф этилади.

Зулкуфлиддин ЧОРИЕВ,

ТДИУ илмий тадқиқотчиси.

Аннотация

Ушбу мақола иқтисоднинг долзарб жиҳатларидан саналувчи инвестиция ва унинг турлари, инвестицияларни жалб этиш усуллари, аҳамияти ҳамда уни жалб этиш билан боғлиқ муаммо, тўсиқлар ва уларнинг ечими хусусидадир.

Калитсўзлар: инвестиция, ҳудуд, иқтисод, иқтисодийобъект, тадбиркорлик, сармоя, ишжойлари, жалбэтиш, дунётажрибаси, хорижинвестицияси, тараққиёт, юқоритехнологиялар.

 

В данной статье автор рассматривает и анализирует факты об инвестициях, а также значимости инвестиционных проектов. Он приводит таблицу и схему при анализе конкретных проблем, связанных с привлечением инвестиций, а также их решение.

 

The author of the article considers and analyses the facts related to the importance of investment into the regions. Important aspects of the matter are investigated and given in a very simple and easy language in the article. Used schedules also make the article more informative and understandable.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 9 декабрдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни.

2. А.Ахмедов ва бошқалар. Инвестиция ва лизинг асослари. Маърузалар матни. Т.: ТДИУ, 2012.

3. Т.А.Фролова. Экономическая теория: конспект лекций. Таганрог: ТТИ ЮФУ, 2009.

4. Ример М.И., Касатов А.Д., Матиенко Н.Н. Экономическая оценка инвестиций / Под. общ. ред. М.Римера – СПб.: Питер, 2006.

5. В.В.Мищенко. Экономика регионов. Учебное пособие. Алтайский государственный университет. – Барнаул: Изд-во АГУ, 2003.

6. YamomotoHisatoshi. Technology Investment Planning. Tokyo: JMAM, 2003.

7. www.wikipedia.org.

8.www.investopedia.com.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"