Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5006
6042
5790

+252
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
65506
172957
187770

-14813

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 200 913
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Жисмоний шахсларнинг мулкий даромадларини декларация асосида солиққа тортиш механизмини такомиллаштириш

Жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари дейилганда уларнинг ўзига тегишли моддий ва номоддий мулкларини ишлатиш натижасида олинадиган барча даромадлар тушунилади. Мустақиллик йилларида жисмоний шахслар мулкий даромади таркиби ва уни солиққа тортиш механизмлари шаклланди ва ушбу тизим асосида даромадлар декларация асосида солиққа тортилиб келинмоқда.

Мулкий даромад олишни рағбатлантириш ва фойдаланилмай келаётган мол-мулкдан самарали фойдаланиш тизимини яратиш мақсадида жисмоний шахслар мулкий даромадларини имтиёзли солиққа тортиш амалиёти жорий этилди. Мол-мулкни ижарага беришни тартибга солиш мақсадида ижара ҳақининг энг кам миқдорларини қонун билан белигилаб бериш тизими йўлга қўйилди.

Жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибий қисмларидан бири сифатида мулкий даромадлар салмоғи аҳамиятга моликдир. Бозор иқтисодиёти шароитида фуқароларнинг мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳиссиётининг кучайиши республикамизда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожига самарали таъсир кўрсатмоқда. Ўз навбатида мулкий даромадларга солиқлар воситасида ҳам таъсир кўрсатиш мумкин.

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг Солиқ кодекси 189-моддасида қайд этилган даромадларига декларация асосида солиқ солинади. Бундай даромадлар таркибига агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, мулкий даромадлар ҳам киритилади. Мулкий даромадларни солиққа тортиш нуқтаи назаридан қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:

– мулк хуқуқида жисмоний шахсларга тегишли акциядорлик жамиятлари акциялари ва жамиятлар устав фондидаги улушлари ҳисобига оладиган дивидендлари;

– давлатнинг қарз мажбуриятлари (заём, облигациялари) ва банклардаги депозит қўйилмалар ҳисобига олинган фоизлар;

– жисмоний шахсларнинг интеллектуал мулкларини ишлатиш натижасида олинадиган даромадлари;

– жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган уй-жой, иморат, иншоот ва транспорт воситаларини ижарага беришдан олинадиган даромадлари;

– жисмоний шахсларнинг ўзларига тегишли бўлган мулкларини сотишдан келадиган даромадлари.

Шу ўринда мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, акциядорлик жамиятларини кўпайтириш, уларнинг бирламчи ва иккиламчи бозорларини ривожлантириш, ўз навбатида аҳолининг, сармоядорларнинг бўш пул маблағларини акциядорлик жамиятларига ва бошқа уюшмаларга жалб қилиш борасида ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлигини айтиб ўтиш лозим. Солиқ кодексига асосан жисмоний шахсларнинг акциялар бўйича ва хўжалик юритувчи субъектларнинг устав сармоясидаги улушбай қатнашувдан олинадиган даромадларига пасайтирилган ставкада, яъни ҳозирги кунда 10 фоизлик ставкада солиққа тортилади. Жисмоний шахсларга дивидендлар ва фоизлар тўлайдиган юридик шахслар солиқни тўлов манбаида ушлаб қолишни амалга оширадилар.

Жисмоний шахслар ушбу даромадлари бўйича жами йиллик декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши лозим. Декларация доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига шахсан бориб топшириш, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек, электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

Мол-мулкини ижарага беришдан даромад олаётган жисмоний шахс, агар ушбу даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тўлов манбаида солиқ солинмаса, белгиланган муддатларда жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этиш билан бир қаторда ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки тарздаги декларация ҳам тақдим этади. Шу билан бирга, жисмоний шахс ушбу даромадлари бўйича ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни ҳам тақдим этиши лозим. Агар мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар олиш тугаган тақдирда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органини бу ҳақда ёзма хабардор этиши керак.

Мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-1675-сонли қарори билан 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган энг кам даромадини аниқлаш мақсадида уй-жойни ижарага берганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдорлари жорий этилди. Унга кўра, ижарага берилаётган турар жойларнинг 1 м2 майдони учун ойлик ижара тўловининг энг кам миқдорлари Тошкент шаҳрида – 3,0 минг сўмни, Нукус шаҳри ва вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарларда – 2,0 минг сўмни, – бошқа аҳоли пунктларида – 1,0 минг сўмни ташкил этиб [2], 2013-2016 йиллар учун бу миқдорлар ўзгаришсиз сақланиб қолди.

Шунингдек, Президентнинг 2013 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2099-сонли қарорига мувофиқ, 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларнинг нотурар жойни ва автотранспорт воситасини ижарага берганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдорлари жорий этилди. Унга кўра, ижарага берилаётган нотурар жойларнинг 1 м2 майдони учун ойлик ижара тўловининг энг кам миқдорлари Тошкент шаҳрида – 6,0 минг сўмни, Нукус шаҳри ва вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарларда – 4,0 минг сўмни, бошқа аҳоли пунктларида – 2,0 минг сўмни;

Автотранспорт воситалари учун эса ойлик ижара тўловининг энг кам миқдорлари 1 та автотранспорт воситаси учун:

– енгил автомобиллар (йўловчи, (багаж) ташиш учун мўлжалланган ва ҳайдовчи ўриндиғини ҳисобга олмаган ҳолда 8 та ўриндиққача бўлган автотранспорт воситалари) бўйича – 220 минг сўмни;

– микроавтобуслар, автобуслар ва юк ташиш автомобиллар учун – 430 минг сўмни ташкил этиб [3], 2015-2016 йилларда ушбу миқдорлар ўзгаришсиз сақлаб қолинди.

Бугунги кунда жимоний шахсларнинг мол-мулкларини ижарага бериш натижасида олинадиган даромадларини солиққа тортиш тартибини адолатли таъминлаш мақсадида ижара тўловининг энг кам миқдорларини қуйидаги жадвал маълумотлари орқали кўришимиз мумкин.

1-жадвал.

Мол-мулкини ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари [4]

Ижарага бериладиган
мол-мулк тури
Белгиланган ставка миқдорини   тавсифловчи  кўрсаткич
Ойлик ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдорлари, сўмда
Тошкент ш.
Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар
бошқа аҳоли пунктлари
1.
Уй-жойлар:
 
– турар жой
умумий майдоннинг 1 кв.метри учун
4 500
3 000
1 500
 
– нотурар жой
9 000
6 000
3 000
2.
Автомобиль транспорти:
 
енгил автомобиль (йўловчилар, багаж ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси)
1 та автотранспорт воситаси учун
330 000
 
микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари
645 000

Ҳозирги кунда мамлакатимизда мол-мулкни ижарага беришдаги асосий муаммолардан бири – ижаранинг оғзаки шаклда тузилиши билан боғлиқ. Бунинг натижасида бир қанча объектлар солиққа тортилмай қолиб кетаяпти. Бунинг олдини олиш мақсадида мол-мулкни ижарага бераётан жисмоний шахслар томонидан ижарага берилган объектлар бўйича мол-мулк солиғидан маълум бир имтиёзлар берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сўнгги беш йил давомида жисмоний шахслар мулкий даромадларидан ундирилган даромад солиғи йилдан-йилга кескин равишда ортиш тенденциясини кўриш мумкин. Ушбу ҳолатни 2012 йилдан бошлаб жисмоний шахсларнинг мулкларини ижарага беришдан ижара тўловининг энг кам миқдорлари жорий қилинган ҳолда такомиллаштириб келинаётгани билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мулкий даромадларидан ундирилган даромад солиғининг умумий декларация асосида ундирилган даромад солиғи таркибидаги улуши ҳам ортиб бормоқда.

Жисмоний шахсларнинг мулкий даромадларини декларация асосида солиққа тортиш механизмини такомиллаштириш мақсадида:

1. Жисмоний шахсларнинг асосий мулкий даромадларининг бири мол-мулкни сотишдан ва мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлардир. Бизнинг мамлакатимизда мол-мулкини ижарага беришдан даромад оладиган жисмоний шахсларни ҳисобга олиш ишларини яхши йўлга қўйиш лозим. Бунда, мол-мулкини ижарага беришдан даромад оладиган жисмоний шахсларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни Республика бўйича ягона электрон базага жамлаш ва маълумотлар алмашинишида электрон тизим орқали боғланишни таъминлаш лозим. Агар Давлат солиқ қўмитаси Давлат мулк қўмитаси, кадастр бюролари, ички ишлар органлари, суд ва бошқа жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари ва бошқа даромад манбаларини рўйхатга оладиган ташкилотлар ўртасида маълумотлар алмашинишининг электрон тизими йўлга қўйилса, жисмоний шахсларнинг даромад манбалари тўғрисидаги маълумотларнинг автоматик янгиланишига ва ахборотларнинг ҳаққонийлигига, умуман олганда, иш ҳажмининг қисқаришига эришар эдик. Қолаверса, ижарага берилаётган ёки сотилаётган мол-мулкларнинг ҳисоби юритилиши натижасида барча мулкий даромадларни солиққа тортиш механизми такомиллашишига эришилади.

2. Жисмоний шахслар мол-мулкини ижарага берганида ижарага олувчи жисмоний шахслар томонидан ижарага тўланган ижара ҳақлари йиллик даромадларни ҳисоблаб чиқаришда жами даромаддан чегирилиши керак. Шунда уй-жойларини ижарага берувчилар ва ижарага олувчилар ўртасида ҳаққоний суммада ижара шартномаси тузилишига эришар эдик. Натижада ижара шартномаси юқори суммада тузилиши натижасида бюджетга даромад солиғини кўпроқ тушишига эришиш мумкин.

3. Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадларни солиққа тортиш механизмини қуйидаги ҳолатлар бўйича ўзгартириш лозим, бу борада:

Биринчидан: жисмоний шахслар кўчмас мулкларини сотишни ҳужжатлаштиришда солиққа тортиладиган базани чиқармасдан расмийлаштириш ҳолатлари амалиётда кўп учрамоқда, мисол учун: мулкни ҳақиқатда 100 сўмга сотиши мумкин, лекин, нотариал идораларда 20 сўмга сотилди деб солиққа тортиладиган базани чиқармасдан (яшириб) расмийлаштирилиши мумкин, ушбу ҳолатда таклиф сифатида жисмоний шахсларнинг сотиладиган кўчмас мулкларини сотишда уларнинг эгаллаган майдонига нисбатан (мулкларни ижарага беришдаги сингари) жойлашган жойлари бўйича базавий миқдорлар киритиш мақсадга мувофиқ. Мисол учун:

– Тошкент шаҳрига 1 м2 га 200 000 сўм;

– Нукус ш. ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларга 100 000 сўм;

– бошқа аҳоли пунктларига 50 000 сўм қилиб белгилаш.

Мисол: Тошкент шаҳрида 120 м2 майдонни эгаллаган кўчмас мулк объекти сотилса энг камида 24 000 000 (120 х 200 000) сўм даромад ҳисобланиб унга нисбатан 1 800 000 (24 000 000 х 7,5%) сўм даромад солиғи декларация асосида ундирилади.

Иккинчидан: хорижий давлатлар фуқаролари томонидан Ўзбекистондаги мулкларини сотиб нотариал идоралар бу борадаги маълумотларни солиқ органларига белгиланган муддат (нотариал ҳаракатлар амалга оширилган кундан эътиборан ўн кун)дан кечиктирмай бергунларига қадар хорижий давлатга чиқиб кетиш ҳолатлари бу борада таклиф сифатида норезидент жисмоний шахсларнинг мулклари сотилиш чоғида юқоридаги жорий қилинадиган меъёрларни қўллаган ҳолда солиқларни ундириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ.

Мисол: норезидент жисмоний шахс Тошкент шаҳрида 120 м2 майдонни эгаллаган кўчмас мулк объекти сотилса энг камида 24 000 000 (120 х 200 000) сўм даромад ҳисобланиб унга нисбатан 4 800 000 (24 000 000 х 20%) сўм даромад солиғи декларация асосида ундирилади.

4. Солиқ тўловчиларга берилаётган солиқ имтиёзларини доимий ва вақтинчалик характерга эгалигига қараб ажратганимизда дивиденд тарзидаги даромадларга берилган имтиёз айнан солиқ кодексида қайд этилганлиги боис доимий характерга эгадир. Шу боисдан жисмоний шахсларнинг дивиденд тарзидаги даромадларини солиққа тортишда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Таклиф сифатида Солиқ кодексининг тегишинча 179-моддасининг 19-бандига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, 179-модданинг 19-бандига “дивиденд тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига (капиталига) йўналтирилган даромадлар. Ушбу бандда назарда тутилган имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида муассислар (иштирокчилар) таркибидан чиқилганда (чиқиб кетилганда) ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланганда, шунингдек устав фонди (капитали) имтиёз қўлланилган миқдорга камайтирилганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солинади”  деб қайд этиш мақсадга мувофиқ.

5. Солиқ кодексининг 84-моддаси олтинчи қисми бўйича, яъни Давлат нотариал идоралари тегишинча кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, шунингдек мерос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисида кўрсатилган нотариал ҳаракатлар амалга оширилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига маълум қилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Ҳозирги кунда амалиётда автотранспортларни олди-сотди ва ижарасини бекор бўлганлиги тўғрисида маълумотларни олиш имкони мавжуд эмас. Солиқ кодексининг 84-моддаси олтинчи қисмини “Нотариал идоралари” жумласидан сўнг “автотранспорт воситалари ва бошқа кўчар мулклари бўйича олди-сотди ёки ижарани бекор бўлганлиги тўғрисида нотариал ҳужжатлар нусхаларини” жумласи билан тўлдирилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бунинг натижасида эса ортиқча солиқ қарздорлиги вужудга келишининг олди олинади.

Акмал БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси тадқиқотчиси.

Аннотация

Ушбу мақолада, жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркиби ва уларни декларация асосида солиққа тортиш хусусиятлари, мол-мулкини ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари, жисмоний шахсларнинг мулкий даромадларидан декларация асосида ундирилган солиқ миқдори ва унинг умумий декларация тушуми таркибидаги улуши таҳлил қилинган. Шу билан бирга, мавзу бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

Калит сўзлар: солиқ, даромад, декларация, кўчмас мулк, мулкий даромад, дивиденд, фоиз, роялти, ижара, ижара тўлови, ставка, иқтисодиёт, давлат бюджети.

 

В статье проанализирован структура имущественных доходов физических лиц и особенности налогообложения на основе их деклараций, установленная минимальная ставка арендного платежа для арендодателей - физических лиц, а также размер налога взимаемого на основе деклараций имущественных доходов физических лиц и доля их в общей структуре поступлений от деклараций.

 

The article analyzes the structure of property income of individuals and specifics of taxation on the basis of their declarations, the established minimum rental rate for landlords - individuals, as well as the amount of tax levied on the basis of declarations of property income of individuals and their share in the total structure of income from declarations.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Ресрубликасининг Солиқ кодекси.-Т.: Адолат, 2016 й.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-1675-сонли қарори.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2099-сонли қарори.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги 2699-сонли қарори.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси маълумотлари.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"