umid_ishonch_160АҚШда ишлайдиган танишим Қимматхон опанинг акаси оғир касал бўлиб қолди. Турмуш ўртоғи Аҳрор ака иккимиз опага қўнғироқ қилиб, тезда етиб келиши кераклиги ҳақида огоҳлантирдик. Қимматхон опа акаси бетоблигидан хабардор эди, бундан ташқари, ўзи ҳам жигарининг оиласи билан хабарлашган экан. Орадан икки кун ўтгач Тошкентга етиб келди.

Акаси Сўғд вилоятининг Зафаробод туманида яшарди. Сирдарё вилоятининг Ховос станциясидан у ёғи 4-5 километр. Лоф қилиб айтганда, қаттиқроқ бақирсанг у томондагиларга овозинг эшитилади. Орадан бир кун ўтгач бемор вафот этди. Опа вой-дод қилиб, элчихонага борди. Лекин у ердагилар тегишли ҳужжатлар талаб қилишди. Хуллас, салкам 10200 километрлик масофа – Нью-Йоркдан Тошкентга етиб келган онахон 150 километрлик масофага Тошкентдан Зафарободга етиб бора олмади. Акасини, жигарини сўнгги йўлга кузата олмагани юрагида армон бўлиб қолди.

Афсуски, бундай армонлар кўп. 2016 йилнинг кузида отам бетоб бўлиб қолди. Ундан сал олдинроқ акам оғир хасталикдан сўнг вафот этган эди. Салкам тўқсонга кириб қолган отам бу жудоликни кўтара олмади. Акамдан сўнг уч ой ўтгач падари бузрукворим ҳам фоний дунёни тарк этди. Афсуски, уни қишлоғимиздаги қабристонга, онамнинг ёнига қўя олмадик. Чегарадан тириклар ўта олмаётган пайтда ўликларни олиб ўтиш жуда-жуда мушкул ишга айланган дамлар эди ўша пайтлар…

Отамиз асли зоминлик бўлса-да, биз оиламиз билан Тожикистонда яшаганмиз, ўша ерда туғилганмиз. У пайтларда чегара йўқ эди. Мактабда Ўзбекистонда ишлаб чиқилган дастур асосида ўқиганмиз. Тошкент телевидениесини кўриб, ўзбек газета ва журналларини ўқиб катта бўлганмиз. Тожикис­тонда яшаб тожик тилини ўрганмаганимга ҳозиргача афсусланаман. Ҳар қалай, битта бўлса ҳам тил билган яхши эканлигини кечроқ тушундим. Тошкентга келганимга 42 йил бўлди. Илгари тез-тез қишлоққа бориб турардик. Кейин йўллар ёпилди. Ўтиш қийин­лашди. Бора-бора умуман муносабатлар ёмонлашди. Онам вафот этганда сўнг­ги бор борган эдим қишлоққа. Ўшанга ҳам 13 йил бўлибди. Оилада ўн фарзанд эдик. Уларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистонда яшайди. Қишлоқда битта укамиз қолган. У ота-онамизнинг чироғини ёқиб ўтирибди.

Собиқ шўролар салтанати инқирозга юз тутиб, мустақил давлатлар пайдо бўла бош­лаган пайтларда юртга отланар эканмиз, юрагимизга ғулғула тушарди. Чегарадан қандай ўтамиз, манзилгача биров йўлимизни тўсмасмикин, деган хаёл бир дақиқа ҳам тинчлик бермасди. Кейинроқ эса аскарлар автоматини ўқталиб йўлимизни тўсадиган бўлди. Шу тариқа аста-секин чегаралар ёпилиб, алоқалар барҳам топди.

Яқинда, ўн уч йиллик фироқдан сўнг яна юртга йўл олдим. Тошкентдан Янгиергача таксида салкам икки соатлик йўл. Чегарагача ҳам такси ёлладим. Аввал Ўзбекистон божхоначилари, сўнг чегарачилари кўригидан ўтдим. Тожикистон чегарачилари сари борар эканман, юрагимда қандайдир ҳаяжонми, қўрқувми пайдо бўлди. Ахир бу ердан ўтмаганимга 13 йил бўлди. Тожик чегарачиси қўлимдан паспортимни олар экан, “Ассалому алайкум, хуш омадед” деганда, тўғриси, кўзларимга ёш келди. Ахир биз бу фурсатни, бу дамларни қанча йиллар кутдик...

Ўтган йиллар давомида қўшни давлатлар билан муносабатларимиз кескинлашиб, иқтисодий, маданий-маърифий алоқалар тўхтаб қолиш даражасига етди. Хўш, нима учун бу ҳолат юз берди? Ўтмишимиз, ота-боболаримиз, тилимиз бир бўлган қирғиз, қозоқ, туркман билан, тили бошқа-ю дили бир, ташқи кўриниши бир тожик билан нимани бўла олмадик? Бир кун келиб бу саволларга жавоб топилади, албатта.

Тўғрисини айтганда, ўзимизнинг ичимизда ҳам чегараларнинг ёпиқ туришидан манфаатдор бўлганлар бор эди. Халқ орасида, чегараларда енгилликлар бўлар эмиш, деган гап тарқалган куннинг эртасига чегарада қандайдир отишма бўлгани ёки қўшни давлатдан гиёҳвандлик моддаси олиб ўтилаётгани ҳақида хабарлар тарқаларди. Шу билан илиқлашаётган муносабатлар яна эски ҳолга келарди. Биз иқтисодий муносабатлар узилиб қолди ўша пайтда, деймиз. Йўқ, узилгани йўқ. Чегара туманларда яшайдиган одамлар билан гаплашиб кўринг, ҳар куни тунда минглаб тонна маҳсулотлар яширинча икки томонга ўтказилган. Лекин у юқори идораларда ўтириб олган, виждонини сотган айрим кимсаларнинг манфаатига хизмат қилган. Чегара очилиб, муносабатлар тикланса, савдо-сотиқ очиқ олиб борилса, бундан давлат фойда кўрарди. Чунки савдо-сотиқдан давлат хазинасига миллионлаб доллар солиқ ва божлар тўланарди. Юқорида мен айтган одамлар эса ўз манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиб, атайин муносабатларни совитишга ҳаракат қилган ва бунга эришган ҳам.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз раҳбари этиб сайлангач, қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилади. Бугун бу вазифа тўла амалга ошмоқда. Бир инсоннинг саъй-ҳаракати билан 60 миллиондан кўп аҳоли яшайдиган Марказий Осиё минтақасида катта ўзгаришлар юз берди. Тарихда шахснинг роли деб шуни айтишса керак-да.

Чегарадан ўтиб, кўнгил жойига тушгач, Шаҳристон сари йўл олдим. Мен туғилиб ўсган Шаҳристон туманига бориш учун яна 50-60 километр йўл юришим, Истаравшан туманини ортда қолдиришим керак. Йўлда борар эканман, ўтган йиллар давомида анча ўзгаришлар рўй берганини кўрдим. Хўжанддан Душанбега борадиган йўлни хитойликлар қайтадан қурибди. Йўл пулли. Бу билан у Европани эслатди менга. 2004 йилда Брюсселдан Парижга келаётганимизда 100 километрлик пулли йўлдан ўтган эдик. Қаранг, бу ҳол Марказий Осиёга ҳам етиб келибди.

Йўлда Истаравшан бозорига кирдим. Истаравшан бозори илгаридан жуда машҳур. Одамлар бу бозордан одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса топилади, дейишади. Бозорни айланар эканман, маиший техника буюмлари бизнинг бозорларимиздагига қараганда бироз арзонроқ эканлигига гувоҳ бўлдим. Аммо полиз экинлари баҳоси биздагидан қимматроқ. Масалан, битта қовуннинг баҳоси бизнинг пулимизга 15 минг сўмдан 25 минг сўмгача. Тарвуз нархи ҳам шунга яқин, мевалар баҳосида ҳам анча фарқ бор.

Қишлоғимизнинг номи ўзгарибди. Илгари Қарабчи эди, энди Гулистон бўлибди. Туман маркази билан қишлоғимиз ўртасида бир километрлик бўш майдон бор эди. Ўша жойларга уйлар қурилиб, туман маркази Шаҳристонга қўшилиб кетибди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Қишлоғимиз тоғ бағрида жойлашган. Илгари, яъни шўролар даврида чегаралар йўқ эди. Ўқувчилар ўнинчи синфни битиргач, қишлоқда қолмасди. Чунки тоғли қишлоқда ёшлар учун иш бўлмасди. Шу боис, ёшлар уйлангач, турмуш ўртоғи билан Сирдарё вилоятига кўчиб кетарди. Сирдарёда чўл ўзлаштиришда иштирок этарди. Энди эса чегаралар ёпилган, ҳеч ким ҳеч жойга кўчиб кета олмайди. Шунинг ҳисобига қишлоғимиз энига ҳам, бўйига ҳам кенгайиб, аҳолиси сони ҳам анча кўпайибди.

Одамлар билан гаплашсангиз, ҳаммаси чегаралар очилганидан хурсанд. Қайси хонадонга кирманг, давлатлар раҳбарлари ҳаққига дуо қилади.

Кўпчиликни Тожикистондаги одамлар ҳаёти қизиқтириши табиий. Менга айтиб беришларича, ерлар бутунлай аҳолига ижарага бўлиб берилган. Аҳоли ўзига берилган ерга ўзи хоҳлаган нарсасини экади, фақат солиғини тўласа бўлди. Ерларга одамлар кўпроқ буғдой, картошка, пиёз, помидор, бодринг, хуллас, рўзғорга керакли ва бозорбоп экинлар экишади. Қишлоқларда ҳам деярли ҳар бир хонадонда машина бор. Кўпчилиги хорижники.

– Бизда автомобиллар арзон, – деди таксида мен билан Истаравшандан Шаҳрис­тонгача ҳамроҳлик қилган одам. – Лекин уларнинг 90-95 фоизи эски. Арзонга оламиз-у, лекин кейин топганимизни уларни таъмирлашга сарфлаймиз. Ўзбекистонда эса ҳамма янги машина минади. Қани энди бизнинг ҳам автомобиль заводимиз бўлса, сал қимматроқ бўлса-да, жон-жон деб ўша машиналарни олардик.

– Муносабатларнинг яхшиланиши, аввало, Тожикистонда яшовчи ўзбекларнинг ҳаётида катта ўзгаришлар ясайди, – дейди устозим Ҳасанбой Қўчқоров. – Алоқалар узилиб қолгач, одамлар ўз хоҳиши билан фарзандларини тожик синфларга беришни бошлаганди. Энди эса Ўзбекистон мактаб­ларимиз учун дарсликлар, бошқа адабиёт­лар етказиб беради. Бошқача айтганда, тожик диёрида ўзбек маданияти, урф-одатлари, анъаналари, тили ривожланиши учун имкониятлар янада кенгаймоқда.

Уч кунлик сафарим давомида жуда кўп одамлар билан суҳбатлашдим. Қариндош-уруғларим, дўстларим билан дийдорлашдим. Туман марказида, қишлоғимизда амалга оширилган ободончилик, бунёдкорлик ишларини кўриб қувондим. Энг муҳими, ҳамманинг дилида умид учқунлари порлаётганига гувоҳ бўлдим. Бир сўз билан айтганда, тожикистонликлар Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг бугун Ўзбекистонга бошланадиган давлат ташрифини интирозлик билан кут­япти. Имзолананиши кутилаётган ҳужжатлар икки мамлакат, икки халқ ўртасидаги муносабатларни янада яхшилашига умид қилишмоқда, ишонишмоқда. Илло, бу умид ва ишонч, албатта, ижобат бўлажак.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.