koopmans_160Иқтисодиёт йўналиши бўйича Нобель мукофоти совриндорлари

Америкалик иқтисодчи Тьяллинг Чарлз Купманс Нидерландиянинг Грейвленд шаҳрида туғилди. У Сьерд Купманс ва Вийцке ван дер Зее оиласида учинчи фарзанд эди. Мактаб ўқитувчилари бўлган ота-онаси фарзандлари тарбияси ва таълимига катта эътибор беришган.

Тьяллинг ёшлигидан бошқа тенгдошларидан ажралиб турарди. Юксак қобилияти, иқтидори ҳамда инсоний фазилатлари туфайли кўпчилик орасида обрў қозонди. Бу камтарин болакайда аниқ фанларга қизиқиш эрта уйғонди. Бор-йўғи 14 ёшга тўлганида эса етти йил давомида, аниқроғи 1927 йилдан то 1933 йилгача Утрехт университетида таҳсил олиш имтиёзини берувчи стипендияга сазовор бўлди.

Аввалига у математика ва назарий физикани ўрганишга киришди ва 1934 йилда квант механикасига бағишланган биринчи илмий ишини чоп этди. Бироқ у тадқиқотлари абстракт мавзуга тегишли эканлигидан қониқмай, бошқа йўналишларда изланади ва ўзи айтганидек, “реал ҳаётга” яқинроқ бўлган соҳани ахтарди. 1929 йилда бошланган Буюк депрессия унинг эътиборини иқтисодиёт фанига қаратди. Бу даврда Купманс “дунёдаги иқтисодий тартиб ишончсиз ва мустаҳкам эмаслигига ва, энг муҳими, қонунларга итоат қилмаслиги”га қатъий ишонч ҳосил қилди ва бу ҳолатни ўзгартириш муҳим эканлигини англаб етди. Айнан шу пайтда у баъзи социалист талабалар билан дўстлашди ва Карл Маркснинг “Капитал”ини ўрганишга киришди.

1933 йилда Купманс ўзи учун янги бўлган иқтисодиёт соҳасида математик усулларни қўллай бошлайди. Шу йилнинг ўзида Утрехт университетида математика ва назарий физика соҳасида магистр унвонини олади.

1934 йили у етакчи математик-иқтисодиётчи, нидерландиялик Ян Тинбергендан сабоқ олиш мақсадида Амстердам университетига йўл олади ва бу олим раҳбарлиги остида Густав Кассель ва Кнут Викселль каби буюк назариётчиларнинг илмий ишларини ўрганади.

1935 йилда Купманс тўрт ой давомида Ослода машҳур математик-иқтисодчи, эконометрик олим Рагнар Фриш билан бирга иш олиб борди. 1936 йилда унга Лейден университетида математик статис­тикани иқтисодиётда қўллаб ёзган “Иқтисодий вақтли қаторларни чизиқли регресс таҳлили” (“Linear Regression Analysis of Economic Time-Series”) мавзуидаги диссертацияси учун докторлик даражаси берилди. Бу илмий иши мумтоз асарга айланган.

Купманс 1936 йилдан 1938 йилгача Роттердамдаги иқтисодчилар мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1938 йилда Миллатлар лигасида Тинбергеннинг ўрнига ўтиб, Буюк Британия учун иқтисодий цикл модели устида иш юритди.

1940 йилгача, Германия Франциянинг шимолий департаментларини босиб олгунга қадар Купманс Женевада яшайди, кейин эса АҚШга кўчиб ўтади. У ерда Прис­тон университетида тадқиқотлар олиб борди, Вашингтонда, Колумбия округининг савдо флотида (Британия миссияси) статист сифатида фаолият юритди. Айнан шу иши, яъни урушдаги йўқотишлар, янги қурилишлар ва иттифоқчилар кемаларидан фойдаланганлик  ҳақидаги маълумотларни битта яхлит тизимга киритганлиги унга иқтисодий таҳлил соҳасини чуқур ўрганишига ёрдам берди.

Савдо флотида Купманс юкларни етказиш билан боғлиқ харажатларни қисқартириш мақсадида иттифоқчилар флоти йўналишларини жуда синчиклаб тузарди. Бу ўта қийин масала эди. Чунки минглаб савдо кемалари бир неча миллион тонна юкларни бутун дунё бўйича тарқалган юзлаб денгиз йўллари орқали олиб келишарди. Бу иш Купмансга ўз математик билимларини фундаментал иқтисодий муаммони – камёб ресурсларни рақобатчи истеъмолчилар ўртасида оптимал тақсимлашга имкон берди. Натижада у “фаолият таҳлили” деб ном олган таҳлилий услубни ишлаб чиқди. Бу услуб иқтисодчи ва раҳбарларни йўналишларни тақсимлаш ишига янгича назар билан қарашга мажбур қилди. Купманс бу услубга биринчи бор 1942 йилда “Турли йўналишларда ташиладиган юклар нисбати” (“Exchange Ratios Between Cargoes on Various Routes”) номли асарида таъриф берди.

Олимнинг математик тенгламалари марказий режалаштириш идоралари учун аҳамиятли эди. Бундан ташқари, ҳар бир бошқарувчи ишлаб чиқариш жараёнларини режалаштиришда “фаолият таҳлили” услубидан фойдаланса бўларди. Масалан, автомобиль ишлаб чиқарувчилар бу услубни йиғма конвейерларни режалаштириш ва юк машиналари йўналишларини ишлаб чиқишда қўллашлари мумкин эди.

Купманс 1944 йили савдо флотидан кетиб, Чикаго университети таркибидаги Коулс иқтисодий тадқиқотлар комиссияси ходими сифатида иш олиб борди. 1946 йилда у АҚШ фуқаролигини олди ва Чикагода 10 йилча яшади. Коулс комиссияси Йель университетига ўтгандан сўнг Купманс ҳам у ерга ишга ўтди ва иқтисодиёт профессори сифатида фаолият кўрсатди. Бу университетда у 26 йил давомида ишлади ва катта шуҳрат қозонди.

Урушдан кейинги даврда Купманс “фаолият таҳлили” услубини иқтисодий режалаштириш воситаси сифатида такомиллаштирди ва тадқиқот натижаларини иккита катта тўпламда – “Иқтисодиётнинг динамик моделлари бўйича статистик хулоса” (“Statistical Inference in Dynamic Economic Models”, 1950) ва “Ишлаб чиқариш ва тақсимлаш фаолиятининг таҳлили” (“Activity Analysis of  Production and Allocation”, 1951), шунингдек, бир қатор мақолаларда ва “Иқтисодиёт фани аҳволи ҳақидаги учта очерк” (“Three Essays on the State of  Economic Science”, 1957) номли илмий ишида нашр қилди.

Купманс ўтган асрнинг 60-70 йилларида иқтисодий ўсиш муаммосини тадқиқ этишга катта ҳисса қўшди. Бу вақт оралиғида у иқтисодий ресурсларнинг тақсимланишини, кундалик истеъмолни, ишлаб чиқариш қувватлари ва ускуналар шаклидаги капитални яратиш каби масалаларни ўрганди. Ривожланишни дастурлаш соҳасида биринчилар қаторида жамиятдаги иқтисодий ўсишни режалаштиришда ҳисоб фоизининг аҳамиятини кўрсатди.

Купманс назариётчи сифатида шуҳрат қозонди ва унинг тадқиқотлари иқтисодиётнинг уч соҳасини қамраб олган:

1) эконометрик услублар;

2) хўжалик фаолияти таҳлили (шунингдек, чизиқли дас­турлашни қўллаш);

3) вақт оралиғида оптималлаштириш назарияси (энергетика ва тиббий ресурслардан оптимал фойдаланиш).

Купмас тадқиқотлари ўз мазмуни ва, айниқса, ифода шакли бўйича алоҳида таҳсинга сазовордир, улардаги аниқлик бошқа иқтисодчилар учун мезон ролини ўйнайди.

1975 йилги иқтисодиёт йўналишидаги Нобель мукофоти Тьяллинг Кумпансга ва рус олими Леонид Витальевич Канторовичга “ресурсларни оптимал жойлаштириш назариясига қўшган ҳиссаси учун” берилди.

Сиёсий маънода Купманснинг назарияси ва тадқиқотлари нейтрал бўлганлиги учун сиёсий ва ижтимоий тузилмасидан қатъи назар, ҳар бир жамиятда қўл келар эди. Шунинг учун Рагнар Бентцлер – Швеция Қироллик фанлар академиясининг аъзоси тақдирлаш маросимида “барча жамиятларда асосий иқтисодий муаммолар бир хил” эканлигини таъкидлайди. Бунга фаолият таҳлили йўналишида икки иқтисодчи – бири АҚШда, бири эса собиқ иттифоқда бир вақтнинг ўзида тадқиқотлар ўтказгани далолат бўла олиши айтилади ва “бу каби иқтисодий муаммолар улар тадқиқ этилаётган жамиятларнинг сиёсий тузилмасидан қатъи назар, илмий жиҳатдан ўрганилиши мумкинлиги” такрор таъкидланади.

Нобель мукофотини олгандан сўнг Купманс ўз тадқиқотларини ва мураббийлик фаолиятини давом эттиради. У умри давомида эътибор марказида бўлишни хоҳламаган ва бунга интилмаган ҳам. Олим ниҳоятда камтарин инсон, табиатдан берилган иқтидори туфайли бошлаган ишини охирига етказадиган ва масаланинг тагига етмагунча қўймайдиган шахс эди.

1978 йилда Купманс Америка иқтисодий уюшмаси президентлигига ўзи хоҳламаган ҳолда сайланади. Бу лавозимга у уюшма аъзоларининг қистови билан ҳамда яқин дўсти Жекоб Маршак хотирасининг ҳурмати туфайли ўтади. Чунки Жекоб бу мансабни эгаллашдан сал олдин вафот этганди. 1981 йилда Купманс Йель университетининг фахрий профессори унвонига сазовор бўлди.

Иқтидорли олим 1936 йили Труус Ваннингенга уйланади. Улар икки қиз, бир ўғил фарзандни вояга етказади.

Купманс ҳаёти давомида илмдан ташқари мусиқага қизиқади ва бир неча мусиқий асарлар ҳам яратади.

Тьяллинг Купманс 1985 йил 26 февралда Нью-Ҳейвенда вафот этади.

Ҳилола САЛОЕВА.