tadbir_aktiv_7Давлат активларини бошқариш агентлигида Япония фуқаро авиацияси бюроси директори ўринбосари бошчилигидаги “Сумитомо корпорейшн” компанияси делегацияси қабул қилинди. Бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиз фуқаро авиа­циясини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қарорлар, янгиликлар, хусусан, туризм ва сайёҳлик борасидаги ислоҳотлар натижасида соҳада кузатилаётган ўзгариш­лар ҳамда устувор йўналишлар тўғрисида маълумот берилди.

Мулоқот чоғида дунё тажрибасида ўзини оқлаган усул сифатида аэропортлар фаолиятини самарали бошқаришда давлат-хусусий шериклик механизмларидан оқилона фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, Тошкент халқаро аэропортини концессия усулида бошқариш лойиҳаси бўйича таклифлар тақдим этилди. Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона ва Термиз аэропортларида ушбу механизм асосида бошқаришга қизиқиш борлиги эътироф этилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон аэропортлари” акциядорлик жамияти фаолиятига япониялик экспертларни жалб этиш масаласи муҳокама қилинди.

Халқаро аэропортлар рейтингида юқори ўринларда турувчи Япониянинг Нарита, Фукока, Сендай, Кансай ва Хоккайдо аэропортлари, улардаги бошқарув тизими, фойдаланувчилар учун яратилган қулай имкониятлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.