fond_bozori_180_2Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 майдаги “Фонд биржасида акцияларнинг оммавий таклифини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилда Ўзбекистонда илк маротаба фонд биржасида қимматли қоғозларни IPO ҳамда SPO усули орқали савдога чиқаришга киришилди.

“Кварц” акциядорлик жамияти устав фондининг 10 фоизини ташкил этувчи 7,5 млрд. сўм миқдордаги акциялар бирламчи оммавий таклиф этиш (IPO) орқали “Тошкент” республика фонд биржаси сотувига чиқарилди. 2018 йилнинг декабрида  “Қўқон механика заводи” АЖ акцияларининг  SPO усули орқали сотилгани Ўзбекистон фонд бозори ривожида ташланган муҳим қадам бўлди. Аукцион савдолар натижасига кўра, савдога чиқарилган қимматли қоғозлар тўлиғича сотилди ва жалб этилган маблағлар ҳажми 2,93 млрд. сўмни ташкил этди. Жорий йилнинг 10 октябрида эса “Кварц” АЖ устав капиталидаги давлат акцияларининг 5 фоизлик пакети сотуви бўйича обуна бошланди. Сотувга жами 4822460 дона оддий акция қўйилган бўлиб, бир дона акциянинг сотув нархи 3270,4 сўмдан 8370,7 сўмгача бўлган диапазонда белгиланган. Акциялар “Тошкент” фонд биржасида SPO йўли билан харидор буюртмасида таклиф этилган нархларда, юқори берилган баҳога устуворлик берилган ҳолда сотилади. Ушбу ҳолатлар анъанавий банк-молия инструментлари билан бир қаторда қимматли қоғозлар олди-сотдисига республика аҳолисининг қизиқиши ва ишончи пайдо бўлганлигини яққол кўрсатди.  Шу билан бирга, фонд бозорида акцияларнинг реал бозор қиймати (котировка) шакллана бошлади. Бу эса, ўз навбатида, республика фонд бозорини ривожлантиришда ва акциядорлик капитали узоқ муддатли ресурсини кўпайтиришда IPO ва SPO каби усулларни амалга татбиқ этиш зарурияти юзага келганлигини  намоён этмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон фонд бозори ўз ривожланишида сифат жиҳатдан янги ва самарали босқичга ўтиш арафасида турибди. Рес­публикамизнинг юқори салоҳияти, очиқ мулоқот ва тизимий ислоҳотларга интилиши маҳаллий ва хорижий сармоядорларда кучли қизиқиш уйғонишига омил яратмоқда. Айни чоғда Ўзбекистон фонд бозори молиявий инфратузилмалар фаолияти билан боғлиқ халқаро стандартларни, қоида ва талабларни эътироф этиши ва амалда қўллаши зарур. Фонд бозорининг миллий иқтисодиётдаги мавқеини ҳамда инвестицияларни жалб этишдаги ролини ошириш ҳамда фонд бозорининг ресурс базасини кўпайтириш учун  бир қатор  комплекс омилларга эришиш лозим.

Яъни сармоя киритиш муҳитини яратиш, фонд бозори хизматларининг шаффофлигини таъминлаш, маҳаллий ва хорижий инвесторларга содда ва тушунарли бўлган, шу билан бирга, халқаро стандартларга имкон қадар мувофиқлаштирилган қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш, фонд бозори инфратузилмаларининг аниқ ва тизимли фаолият юритишини таъминлаш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, аҳолининг эркин пул маблағларидан фойдаланиш учун қарз қимматли қоғозларини чиқаришни кенгайтириш, корпоратив облигациялар чиқаришга йирик ва молиявий барқарор фаолиятга эга МЧЖларни улар томонидан маълумотларни ошкор этиш талабини жорий этган ҳолда жалб қилиш, фонд бозорида қимматли қоғозлар ҳосилалари ва бошқа янги молиявий инструментларни жорий этиш, юқори ликвидли акциядорлик жамиятларининг акцияларини фонд бозорига IPO ва SPO  орқали оммавий таклиф этиш йўли билан чиқариш ишларини жадаллаштириш ҳам муҳим масалалар қаторига киради.

Президентимизнинг жорий йил 5 февралдаги  “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ, миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш соҳасида акциялар бўйича ҳисоб­ланган дивидендларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ёки инвестиция воситачилари орқали тўлаш механизми жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Қимматли қоғозлар бўйича даромадларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва инвестиция воситачилари орқали тўлаш –
корпоратив ҳаракатларни халқаро андозаларга мувофиқ амалга ошириш ҳамда корпоратив тартиб-тамойилларни стандартлаштириш ва ҳужжатларнинг универсал шаклларини жорий этиш имконини яратади.

Хўш, ушбу  мақсадларга эришиш қимматли қоғозлар бозорига нима  беради? Биринчидан, Марказий депозитарийни молиявий инс­трументлар билан битимлар бўйича ҳисоб-китобларнинг халқаро тизимига интеграциялаш ва унинг ишига етакчи жаҳон тажрибаларини жорий этиш, ўзбек инвестиция воситачиларига ва инвесторларига хорижий ва халқаро фонд бозорларига, шунингдек, хорижий брокер ҳамда инвесторларга ўзбек қимматли қоғозлар бозорига йўл очилишини таъминлаш имкони туғилади.  Шунингдек, сармоядорларнинг маҳаллий ва хорижий қимматли қоғозлар бозорларига бўлган ишончини ошириш, Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” (Doing Business) йиллик ҳисоботида рейтингини ошириш, корпоратив ҳаракатларни, шу жумладан, қимматли қоғозлар бўйича даромадлар тўловини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига оғишмасдан риоя қилиш, корпоратив ахборотни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва тарқатишни таъминлашда ISO стандартини жорий этиш, битимлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишдаги хатарларни камайтиришга олиб келади.

Ёдгор ТОЙМЕТОВ,

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси

бўлим бошлиғи.