Газета "Биржа"

унга мулк ҳуқуқини олишга шошилинг

kadastr_160Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан “Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш тизимларини модернизация қилиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ҳабибуллаев кадастр ҳисобини юритиш ва кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, ахборот ресурслари ва тизимларининг тезкор ривожланишини таъминлаш, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига сифатли интерфаол давлат хизматларини тақдим этишга оид долзарб муаммолар, шунингдек, ташкилотда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва келгусидаги режалар ҳақида гапирди.

У Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 461-сон қарори бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам ҳисобот берди.

Ушбу қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ умумдавлат акцияси доирасида фармон қабул қилингунига қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланган. Фуқаролар ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага мурожаат этувчининг паспорти нусхаси ва унинг оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари илова қилинади.

Ушбу низом талаблари кўп қаватли уйларга ва уларга туташиб кетган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотурар жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бир марталик умумдавлат акцияси дои­расида “Кадастр хизмати 2.0” дастури ишлаб ишлаб чиқилган бўлиб, ундаги маълумотларга кўра, 2019 йил 9 январь ҳолатига Давлат хизматлари маркази орқали жами 166 619 та ариза келиб тушган. Ижобий ҳал қилинган аризалар 26 912 та, салбий якунланганлари 16 994 та, тўлов кутилаётган аризалар сони 21 331 тани ташкил этади. Шунингдек, 87 504 та ариза ўрганиш жараёнида. Бир марталик умумдавлат акциясининг амал қилиш муддати 2019 йил 1 майгача давом этади.

– Режага асосан, Жаҳон банки иштирокидаги “Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш тизимларини модернизация қилиш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган. – дейди Ер ҳуқуқи бўйича лойиҳа бошқарув гуруҳи мутахассиси Александр Самборский. – Лойи­ҳадан мақсад, кадастр ва кўчмас мулк­ни рўйхатга олишнинг мавжуд “қоғозли” тизимини геоахборот ва web-технологияларни электрон ҳукумат тизими базавий платформасининг таркибий қисми сифатида қўллаш асосида замонавий, кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш бўйича интеграллашган тизимини (ККМРИТ) яратиш орқали тубдан модернизиция қилишдан иборат. Лойиҳанинг умумий қиймати 35,77 млн. АҚШ доллари бўлиб, шундан 20 млн. АҚШ доллари Жаҳон банки қарзи бўлса, республиканинг улуши 15,77 млн. АҚШ долларига тенг (шу жумладан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар кўринишидаги 8,05 млн. АҚШ долларини ташкил этади). Ушбу лойиҳани амалга ошириш 2016–2021 йилларга мўлжалланган.

ККМРИТ кўчмас мулкни кадастр съёмкаси, хатловдан ўтказиш, кўчмас мулкни шакллантириш ва рўйхатдан ўтказиш жараё­нида хўжалик ҳисобидаги ҳудудий, туман ва шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизматлари томонидан яратиладиган ахборот ресурсларини ягона тизимга бирлаштиришдан иборат.

Мазкур тизим кадастр ҳисобини юритиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва барча манфаатдор фойдаланувчиларга тегишли ахборот ва маълумотларни, жумладан, интерфаол давлат хизматлари кўринишида тақдим этиш мақсадида кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги геофазовий, кадастр ва рўйхатдан ўтказишга оид маълумотлар базаларини яратиш, актуал­лаштириш ва амалда қўллаш учун мўлжалланган.

Лойиҳа, ўз моҳиятига кўра, бизнес жараёнларнинг тубдан яхшиланишини, кўчмас мулк реестри ва кадастрида мижоз талабларига йўналтирилганлик даражасининг оширилишини, кўчмас мулк кадастри ва рўйхатга олинишининг тўлиқ рақамли тизими яратилишини, мол-мулк ва кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлик даражаси оширилишини, кўчмас мулк кадастри ва рўйхатга олиниши бўйича маълумотларга ишлов бериш марказлари ташкил қилинишини таъминлаш учун замин яратиб беради. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимизга кўчмас мулк кадастри ва рўйхатга олиниши соҳасида дунё даражасига кўтарилиш имкониятини яратиб беради.

Зилола ТЎРАБЕК қизи.