daromad_160_55477Жорий йилда ҳукуматимиз топшириғига кўра, Фарғона вилоятида ўтказилган хатловларда фойдаланилмасдан бўш турган жами 6250 та объект ва ер майдони аниқланди. Шу билан бирга, ҳудуддаги давлат мулкларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, уларга асосан, 117 та давлат мулки оммавий савдолар орқали 34 млрд. 418 млн. сўм миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 879 та янги иш ўрни яратиш шарти билан сотилиши белгиланди.

Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, вилоятдаги 96 та давлат мулки объекти бошланғич нархи “бир сўм” қийматда “Е-IJRO-AUKSION.UZ” савдо майдончасига жойлаштирилди.

Бугунги кун ҳолатига ушбу электрон онлайн савдо майдончасидаги 16 та объект 3 млрд. 35 млн. сўм инвестиция мажбурияти ва 131 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 844,0 млн. сўмга сотилди. Вилоятда аниқланган бўш ер майдонларидан 276 таси (110,7 гектар)ни “Е-IJRO-AUKSION.UZ” савдо майдончаси орқали савдога қўйиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилиб, “Ер электрон” дастури орқали ваколатли ташкилотлар томонидан хулосалар олинди ва савдо майдончасига жойланмоқда.

Шунингдек, хатлов натижасида аниқланган бўш турган хусусий мулк объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида қиймати 1 497,9 млрд. сўм (шундан 763,1 млн.сўми ва 5420,0 минг АҚШ доллари банк кредити ҳисобидан) ҳамда 25,0 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши белгиланган 5200 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Хусусий мулкка тегишли бўш турган 101 та объект мулкдорларига тижорат банклари томонидан 54,5 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. Вилоятдаги бўш турган объектларни ишга тушириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганлиги натижасида бугунги кунга қадар хусусий мулкка тегишли 2265 та объект ҳаракатга келтирилиб, уларда 4662 та иш ўрни яратилди.

Шунингдек, идоралараро комиссиянинг хулосаларига биноан, инвестиция лойиҳасини тақдим этмаган ва объектлардан самарали фойдаланиш чораларини кўрмаган 184 та объект мулкдорларига нисбатан оширилган солиқ ставкалари қўллаш ҳақида қарор расмийлаштирилди. Пировардида бўш турган объектлар эгаларига нисбатан 2 млрд. 358 млн. сўм солиқ механизми қўлланилиб, шундан ҳозиргача 1 млрд. 91 млн. сўми ундирилди.

Умуман, ўтказилган хатлов натижасида аниқланган бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, объектларни ишга тушириш бўйича туман ва шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан тегишли чора-тадбирлар тизими йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда ҳам мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Восилжон НАЗАРОВ,

Давлат рақобат қўмитаси

Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.