uzlidep_160Жорий йил 12 июлда Президентимиз Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишдаги маърузасида  ҳар бир партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, тегишли соҳаларда фаолият юритаётган вазирлик ва қўмиталар фаолияти устидан парламент ҳамда депутатлик назоратини йўлга қўйиши лозимлигини таъкидлаган эди. Хусусан, O‘zLiDeP Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан бу борада тизимли ва доимий ишларни йўлга қўйиши кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилганди.

Ўтган давр мобайнида O‘zLiDeP ҳамда тегишли вазирликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ушбу вазифани марказда ва жойларда изчил ҳамда самарали йўлга қўйиш бўйича бир қатор тадбирларни амалга оширди. Хусусан, ҳудудларга чиқиб, тегишли йўналишларда ўрганишлар олиб борилиб, фаолиятни янги талаблар асосида ташкил қилиш борасида зарур амалий тажриба тўпланди. Ишчи гуруҳ томонидан бажарилган ишлар нафақат самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш, балки ўрганилаётган масалалар юзасидан мавжуд ҳолатни янада такомиллаштириш борасида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини аниқлаб олиш имконини берди.

Пировардида O‘zLiDePнинг парламентдаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан жорий йилнинг охирги чораги ҳамда 2018 йилнинг биринчи ярми давомида ушбу вазирлик ва идоралар устидан парламент ҳамда депутатлик назорати йўналишида қилинадиган ишлар режаси шакллантирилди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг яқинда бўлиб ўтган қўшма йиғилишида иштирокчилар дастлаб партия фракцияси томонидан кўзда тутилаётган парламент эшитувлари мавзуларини атрофлича муҳокама қилишди. Хусусан, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янги сифат даражасига олиб чиқиш, Инвестиция бўйича давлат қўмитаси томонидан хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни қуйи палата муҳокамасига киритиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Молия вазирлигининг маҳаллий бюджетлар даромад қисмини мустаҳкамлашга йўналтирилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлари ҳолатига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда ҳудудлар кесимида партия депутатлик гуруҳлари томонидан олиб бориладиган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Айтиш керакки, O‘zLiDePнинг муҳокама этилаётган дастури лойиҳаси ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида амалга ошириладиган назорат тадбирлари аниқ белгилаб қўйилганлиги билан эътиборлидир. Бунда мавзулар ҳар бир ҳудуд, шаҳар ва туманнинг хусусиятини инобатга олган ҳолда, ушбу ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган масалалар ҳолатини ўрганиш нуқтаи-назаридан келиб чиқиб белгилангани билан диққатга сазовордир.

Хусусан, ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг муҳим аҳамиятидан келиб чиқиб, тегишли халқ депутатлари вилоят кенгашларида ЭИЗлар фаолиятини ташкиллаштириш борасида мамлакатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари ижросининг бажарилиши, 57 туман кенгашларида кичик саноат зоналари, 9 туманда эса фармсаноат ҳудудларини ташкил этиш йўналишидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш масалалари дастур лойиҳасидан ўрин олди. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ҳамда партиянинг халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгашидаги гуруҳи томонидан Янгиер кичик саноат зонасида олиб борилган ўрганишлар бу масалаларнинг нақадар долзарблигини яна бир бор тасдиқламоқда. Шу боис ҳам мазкур соҳадаги назорат масалаларига дастур лойиҳасида алоҳида аҳамият қаратилди.

Бундан ташқари, 58 та туман ва шаҳар кенгашлари сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши ҳолатини ўрганиш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилди. Бир қатор вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ривжлантириш бўйича ҳам алоҳида дастурлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг сўзсиз бажарилиши тегишли ҳудудлар тараққиётида алоҳида аҳамият касб этади. Шуларни инобатга олган ҳолда мазкур дастурларнинг ижроси O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан назоратга олинадиган бўлди.

Йиғилиш иштирокчилари ушбу масалаларнинг барчасини атрофлича муҳокама қилиб,  белгиланган вазифаларни бажаришга барча имкониятларни сафарбар этиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Парламент ва депутатлик назоратининг бу шаклда, яъни Президентимиз кўрсатмалари асосида йўлга қўйилиши, партия ва депутатлик корпуси фаолиятининг аниқ мақсадларга йўналтирилиши самарадорликка эришиш, аниқ амалий натижаларга йўналтирган ҳолда марказда ва жойларда жорий этилаётган ислоҳотларда реал ўрнини топишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкиданди.

Ҳосил КАРИМОВ.