elektr-isitgichlar-b_160Бепарволик – барча кулфатларнинг дебочасидир. Дейлик, кимдир дазмолни электрдан узмай, кўчага чиқиб кетади. Бошқа замондошимиз эса ёш боласини беназорат уйда қолдириб эшикни қулфлаб ўз юмушлари билан банд бўлади. Яна бир бошқа фуқаро қўлбола иситгич ясаб, қисқа туташув содир бўлишига замин тайёрлайди. Кўриб турибсизки, бепарволик сабаб катта-катта кулфатларнинг азиятини чекишга мажбур бўламиз. Қуйида ҳар биримиз билишимиз лозим бўлган қурилишда ёнғин ҳавфсизлиги бўйича айрим қоидаларни яна бир бор ёдингизга солмоқчимиз.

Қурилишга вақтинчалик электр симларини тортиш учун изоляция қилинган симлар маҳкам тиргович ёки тросларга илинади. Электр сими иш жойидан 2,5 м., ўтиш жойларидан 3 м., ўтиш йўлларидан 6 м. баландликда бўлиши керак. Ер, пол ёки қопламадан 2,5 метрдан пастроқ баландликда бўлган электр кабель ва симлар шикастланишдан ҳимояланган бўлиши керак.

Зарурат туғилган чоғда полдан баландлиги 2,5 метрдан кам бўлган ёритгичлар учун 36 В дан ортиқ бўлмаган кучланиш ишлатилиши лозим. Электр ускуналарнинг изоляция қилинмаган ток ўтказувчи қисмлари (шина, рубильник ва сақлагичлар боғланиши, электр машина ва ускуналар қисқичлари ва ҳоказо) пухта тўсиқлар билан тўсилган ёки махсус электр техник хоналарда жойлашган бўлиши мақсадга мувофиқ.

Қурилиш шароитида кўчма ёритгичларга 36В дан ошмаган, ўта хавфли жойларда эса (зах жойлар, қудуқлар, металл резервуарлар ичи) 12В дан ошмаган кучланиш юборилади. Омборхона умумий рубильниги омбордан ташқарида, ёнмайдиган деворда ўрнатилган бўлиши лозим, ёнадиган омборлар рубильниги эса алоҳида тиргакда, пломбаланадиган қути ёки ўйиқда ўрнатилади.

Кабель, симларнинг туташиб ёки бўлиниб кетган қисмларининг изоляцияси асосий изоляцияга тенг бўлиши керак. Сим ва кабелларни пресслаб, пайвандлаб, махсус исканжалар (винтли, болтли, қозиқсимон) ишлатиб улаш, тармоқлантириш, учини ёпиш мумкин.

Электр тармоғи ва электр ускуналардан фойдаланганда қуйидагилар ман этилади: носоз ёки изоляцияси бузилган сим ва кабеллардан фойдаланиш; иситиш ёки қуритиш учун стандартга мос бўлмаган (қўлда ясалган) иситиш электр асбобларини ишлатиш; электр симлари ва кабелларининг изоляция қилинмаган учларини кучланиш остида қолдириш; кучланиш остида бўлган электр асбоб-ускуналарини қаровсиз қолдириш; стационар ёритгичларни кўчма қўл чироқлари сифатида ишлатиш; носоз розетка, рубильник, тармоқлантириш қутилари ва бошқа электр асбобларидан фойдаланиш; ролик, виключатель, розеткаларга кийим-бош илиш; электр чироқларни қоғоз, мато, бошқа ёниб кетадиган нарсалар билан ўраб қўйиш; чироқларни ёнувчан ва ёниши қийин бўлган буюмлар ёнига 0,5 метрдан яқинроқ қўйиш.

Хулоса шуки, бунёдкорлик ишларидан фуқаролар зарар эмас, фойда кўришсин. Фойдали меҳнат эса қонун-қоидага амал қилингандагина юзага чиқади.

Н.АЗИМОВ,

Чилонзор тумани ИИБ ЁХБ инспектори, сержант.