kitobxonlik_120-1Қашқадарё вилоятида “Ёш китобхон” танловининг туман ва шаҳар босқичлари бошланди. Унда ёшлар учта – 10-14, 15-19, 20-30 ёш тоифасида сараланмоқда. 

Танловнинг саралаш босқичларида вилоят бўйича 92 минг 689 нафар ёшлар иштирок этиб, 569 нафари танловнинг туман (шаҳар) босқичларида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

Иштирокчилар саралаш босқичларида махсус тест синовларидан ўтган бўлса, бу босқичда “Ўзбек адабиёти билимдони” ва “Жаҳон адабиёти билимдони” шартлари бўйича ўз билимини синовдан ўтказмоқда.

–Ўтган йили танловга тенгдошларимни катта қизиқиш ва ҳавас билан кузатиб қўйган эдим, – дейди 10-14 ёш тоифасида иштирок этаётган Қарши шаҳрилик Севара Тилакмуродова. – Бу йил Президентимиз қарори билан танлов уч ёш тоифасида ташкил этилиши биз учун имконият бўлди. Тест жараёнларидан муваффақиятли ўтиб, бугун шаҳар босқичи шартларини ҳам бажариб, биринчи ўринни эгалладим. Республика босқичида ҳам юқори натижани қайд этиб, давлатимиз раҳбарининг махсус совғасини вилоятимизга олиб келишни мақсад қилганман. 
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, танловнинг ўтган йилги мамлакат босқичида қашқадарёлик Абдулазиз Қурбонов 217,75 балл билан иккинчи ўринни қўлга киритган эди. 
Ғолиблар танловнинг вилоят босқичида иштирок этади.

Ўлмас Баротов.

ЎзА.