benzin_120Вазирлар Маҳкамасининг 28.02.2018 йилдаги 149-сон қарори билан дизель ёнилғиси ва ЭКО дизель ёнилғисининг ягона чакана нархларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

1.03.2018 йилдан нархлар ошади

Жорий йилнинг 1 мартидан қуйидаги ягона чакана нархлар жорий этилди:

дизель ёнилғиси – 1 литри учун 4 600 сўм миқдорида (12,1%га қимматлашди);

ЭКО дизель ёнилғиси – 1 литри учун 4 700 сўм миқдорида (11,9%га қимматлашди).

Қарорга мувофиқ, дизель ёнилғиси ушбу нархларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ва автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига истеъмол солиғини ҳисобга олган ҳолда сотилади. Хусусан, пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчилар сотиб оладиган ЁММ учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга оширадилар.

Айрим АЁҚШлар хусусий шахсларга ижарага берилади

Фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага босқичма-босқич берилади. Бу давлат-хусусий шериклик шартлари ҳамда хусусий шахсларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга нефть маҳсулотларини сотиши асосида амалга оширилади.

Ушбу автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш учун дизель ёнилғисини уларнинг ҳақиқий харажатлари ва рентабелликни таъминлашидан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган чегирмаларни ҳисобга олиб, нефть базалари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиб олишлари мумкин бўлади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 1.03.2018 йилдан кучга кирди.

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Ленара Хикматова.
Манба: norma.uz.