qurilish_mПрезидентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳрида барпо этилаётган ғўзапоя ва қамишдан плита (ДСП) ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси билан танишди. 

 

– Бунёдкорлик ва ободонлаштириш мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигининг ифодасидир, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу боис арзон ва сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга, бу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бериш зарур.

Давлатимиз раҳбари ўшанда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ва “Термиз таъминот” саноат қурилиш таъминот хусусий корхонасининг ғўзапоя ва қамиш заррачали плита ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича зарур кўрсатмалар берган эди. 
Ана шу маслаҳат ва топшириқлар янги корхонани тез ва сифатли барпо этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Лойиҳа ташаббускорларига ҳам, сармоядорларга ҳам ўзгача руҳ бағишлади. Қиймати 3 миллион 200 минг долларлик истиқболли янги лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 1 миллион 800 минг доллар миқдоридаги кредит маблағи ажратилиб, хориждан келтирилган замонавий ускуналар ўрнатилди. 
Маълумотларга кўра, вилоятда йилига ўртача 1 триллион 568 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда қурилишбоп ёғоч плиталарга бўлган йиллик талаб 900 минг квадрат метрни ташкил этаётир. Вилоятда қурилиш-ободонлаштириш ишлари кўлами йилда-йилга кенгайиб бораётгани ички бозорни таҳлил қилган ҳолда соҳани янги босқичда ривожлантиришни, маҳаллий хомашёдан тайёр, арзон, рақобатбардош қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тури ва ҳажмини оширишни тақозо этмоқда. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 сентябрдаги “Ғўза пояларидан ёғоч-пайраҳа қиринди плиталарини ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ташкил этилган корхона вилоятдаги ана шу эҳтиёжни тўлиқ қондириш ва келгусида маҳсулотнинг бир қисмини хорижга экспорт қилиш имкониятини яратди. Ёғоч плиталар ўрнини босадиган 1,87 миллион квадрат метр қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 
Мутахассисларнинг фикрича, вилоят ҳудудидаги 5 минг гектардан ортиқ майдонда ёввойи қамиш ўсади. Шу пайтгача ҳар йили кузда қамишзорлар ёқилиб, теварак-атрофга жиддий зарар етказаётган, атмосферани зарарли газлар билан ифлослантираётган эди. Ёқилмай қолганлари ариқ-зовурлар ёқасида йил бўйи чириб ётарди. Изланувчан тадбиркорларнинг бундай текин хомашёни иқтисодиётимизни юксалтиришга, юртимиз ободлигини таъминлаш ва теварак-атроф мусаффолигини асрашга йўналтиргани таҳсинга сазовор. Жорий йил куз мавсумида Термиз, Музработ каби туманларда қамишзорлар ёқилмагани кўпчиликни мамнун қилди. 
– Ҳар йили кузда қамишзорлар ёқиб юборилишидан азият чекардик, – дейди Термиз шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Х.Тошпўлатов. – Термиз туманидаги зовурлар бўйида ёқилган қамиш тутуни шамол билан теварак-атрофга тарқалиб, димоғимизни ачитар, йўғон қамишларнинг ёнган пояси қоп-қора бўлиб, кўча-кўй, ҳатто ҳовлимизгача ўрнашиб қоларди. Яқинда ўғлимдан одамлар бу йил Амударё тарафлардаги қамишларни нега ёқмаяпти, деб сўрадим. У шаҳримизда қамишни қайта ишлаб, қурилишбоп материал тайёрлаш жорий этилганини айтиб қолди. Роса хурсанд бўлдим. Бундай савоб ишга қўл урган тадбиркорлар барака топишсин. 
Янги корхона йилига 35 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни пайтда ишчилар кунига минг донагача сифатли қамиш заррачали плита ишлаб чиқариб, буюртмачиларга етказиб бермоқда. Маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материали якка тартибда уй-жой қураётган аҳолига ҳам манзур бўлаётир. 
– Бу йил янги уй кўтарган эдик, – дейди Термиз туманида яшовчи Ш.Норқобилов. – Яқинда хоналарга пол ётқизиш учун тахта ёки хорижнинг ДСПсини харид қилиш мақсадида вилоят марказидаги қурилиш материаллари дўконларини айландик. Поллик тахталар нам экан. Ёғоч қириндиларидан хорижда тайёрланган ва қамиш заррачаларидан ўзимизда ишлаб чиқарилган ДСПларни кўздан кечириб, нархини сўрадик. Бизга маҳаллий маҳсулотдан шу ерда тайёрлангани маъқул бўлди. Нега дейсизми? Биринчидан, ёввойи қамишни ёғоч қириндиси билан қиёсласангиз, қамишдан тайёрлангани захга анча чидамли бўлади. Сифатини ҳам солиштирдик. Ўзимизда ишлаб чиқарилгани хорижникига қараганда ўта пишиқ. Қамиш заррачалари жуда мустаҳкам ёпишгани шундоқ кўриниб турибди. Нархи ҳам анча арзон. 
Ҳа, Термиз шаҳрида ёғоч қириндисидан хорижда ишлаб чиқарилган бир дона плита 225-250 минг сўмдан, унинг қамиш заррачаларидан ўзимизда пишиқ, пухта тайёрлангани 140 минг сўмдан сотилаётгани харидорларга манзур бўлмоқда. 
Корхонада 150 киши доимий иш билан таъминланган. Уларнинг унумли ишлаши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур шароит яратилган. Корхона цехларига маҳсулот узлуксиз етказиб берилаётир. Хомашёни дастлабки қайта ишлашдан тайёр материал ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараён замонавий ускуналар ёрдамида амалга оширилади. Лойиҳа ташаббускорлари навбатдаги босқичда маҳаллий хомашёдан тайёрланаётган арзон, сифатли материалнинг 1,1 миллион квадрат метрини ламинация қилишни йўлга қўйишни режалаштирган. 
– Бунинг натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилади, – дейди “Термиз таъминот” саноат қурилиш таъминот хусусий корхонаси раҳбари ўринбосари Ч.Қувватов. – Шунингдек, мебелсозлик саноатини янги босқичда ривожлантириш имконияти янада кенгаяди. 
Мухтасар айтганда, янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштирган корхона янги йилни янги марралар билан бошлашга қизғин ҳозирлик кўраётир. Ишлаб чиқараётган қурилиш материаллари сифатини янада яхшилаш ва унинг маҳаллий бозордан ортган қисмини хорижга экспорт қилишни мўлжалламоқда. Бунинг учун ҳудудда қулай муҳит ва зарур шароит мавжуд. Энг муҳими, корхонанинг бир маромда ишлаши учун вилоят етарли табиий хомашё захирасига эга.

Холмўмин Маматрайимов.

ЎзА.