kitob_sovga_120Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими томонидан маҳаллалардаги кам таъминланган, кўп болали оилаларга китоблар совға қилинди. 

 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган маърифий тадбир ташаббускорлари хонадонларга ташриф буюриб, оила вакиллари билан самимий суҳбат қурди. Оилаларга миллий қадриятларимиз, бой тарихимиз акс этган бадиий, илмий-оммабоп китоблар жамланмаси билан бирга маиший уй-рўзғор буюмлари туҳфа қилинди.

– Аҳолининг китобхонлик маданиятини ошириш, ёш авлодни китобга ошно этиб улғайтириш, маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Ў.Усмонов. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу мақсадга қаратилган. Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур тадбиримиз эзгу мақсад йўлидаги ишларнинг бошланишидир. Келгусида бу борада янада кенг кўламли маърифий тадбирлар ташкил этиш белгиланган. 
Маънавият тарғиботчиларининг хонадонларга самарқандлик таниқли ижодкорлар билан бирга бориб, китоб топширгани, айниқса, ёшлар учун эсда қоларли бўлди.

Ғолиб Ҳасанов.

ЎзА.