Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4262
5206
5371

-165
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
126647
121104
111250

+9854

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 092 148
Главная Все новости Узбекистана Ўзбекистон-БМТ: инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

Ozbekiston_BMT_120Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси делегацияси шу йил 10-12 май кунлари мамлакатимизда бўлди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. 

 

Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, Омбудсман билан самарали учрашувлар ўтказди. Юксак мартабали меҳмон Самарқандни зиёрат қилиш асносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонасида ва маҳаллада ҳам бўлди. Вилоятдаги турли диний конфессиялар, бир қатор миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн ташрифининг аҳамияти, натижалари ва тафсилотлари ҳақида суҳбатлашдик. 
– Авваламбор, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси 1993 йили Иккинчи умумжаҳон анжуманида Вена шаҳрида қабул қилинган қарор асосида ташкил этилганини таъкидлаш лозим, – деди А.Саидов. – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси мазкур халқаро ташкилот тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи асосий орган бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ўзининг ҳуқуқий мақомига кўра БМТ Бош котибининг ўринбосари ҳисобланади. 
Бу юксак мартаба эгаси БМТ тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи шахсдир. Содда қилиб айтганда, Олий комиссар инсон ҳуқуқларининг дунёдаги биринчи ҳимоячиси саналади. Негаки, БМТ фаолияти уч асосий йўналиш, биринчидан, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш; иккинчидан, барқарор ривожланиш; учинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишларини қамраб олса, Олий комиссар Бошқармаси БМТ тизимида инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун бевосита масъулдир. 
– Ҳозирги Олий комиссар шахси ва фаолияти ҳақида қандай маълумотлар бера оласиз? 
– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 4 йилга сайланади. БМТ Олий комиссари 1993 йилдан шу кунга қадар 7 марта сайланган. Зайд Раад ал-Ҳусайн еттинчи Олий комиссардир. У АҚШнинг Жонс Хопкинс университетида гуманитар фанлар бакалаври ва Буюк Британиянинг Кембриж университетида фалсафа доктори даражасини олган. Араб, инглиз ва француз тилларини билади. Иордания Ҳошимийлар давлати фуқароси, шаҳзода, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) авлодларидан. 
Зайд Раад ал-Ҳусайн дипломатия соҳасида кўп йиллик катта амалий тажрибага эга. Иорданиянинг АҚШдаги элчиси, шунингдек, БМТдаги доимий вакили сифатида фаолият юритган. У халқаро ҳуқуқ, халқаро жиноий судлов, тинчликпарварлик операцияларини амалга ошириш ва ядровий терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича мутахассисдир. Халқаро жиноят судини таъсис этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш, геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар элементларини аниқлаш ишларида иштирок этган. Замонавий халқаро жиноят суди бўйича йирик мутахассис сифатида бир муддат БМТ Халқаро судида ишлаган. 
Зайд Раад ал-Ҳусайн 2014 йил 1 сентябрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари этиб тайинланган ва Осиё қитъасининг ушбу лавозимдаги илк намояндаси, қолаверса, мусулмон дунёсидан ҳам биринчи вакилдир. БМТ Олий комиссари сифатида 24 та мамлакатга ташриф буюрган. Ўзининг қатъий нуқтаи назарига эга бўлиб, аксарият давлат раҳбарларини ҳам қаттиқ танқид қилган. 
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташриф буюриши сўралган Ҳукуматимиз таклифини Зайд Раад ал-Ҳусайнга жорий йилнинг 1 мартида Женева шаҳрида бўлиб ўтган учрашувимиз чоғида топширган эдим. Ўша учрашув ҳам илиқ ва ўзаро тушуниш муҳитида ўтган. Мен Олий комиссарга Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган прагматик сиёсат, айниқса, “Ҳаракатлар стратегияси”да инсон ҳуқуқларига оид, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар бердим. 
Эътиборли жиҳати шундаки, Зайд Раад ал-Ҳусайн БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг март ойидаги сессиясидаги ўзининг инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботида “Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар дунё давлатлари ўрнак олишига лойиқ”, деб юқори баҳо берди. “Ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳақидаги қонунларда судлар мустақиллиги ва одил судлов жараёнлари шартлари ифодалаб берилди. Мазкур қонунларнинг жорий этилиши Ўзбекистон халқи учун келгусидаги ижобий ўзгаришлар борасида муҳим аҳамият касб этади”, дея қайд этди у. 
Ўйлашимча, ана шу тилга олинган омилларнинг ўзи ҳам БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифи нақадар муҳим эканини яққол тасдиқлаб турибди. 
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Зайд Раад ал-Ҳусайн билан мулоқоти ҳақида сўзлаб берсангиз? 
– Маълумки, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари мамлакатимизга ташрифи давомида кўплаб музокаралар, хусусан, 10 та учрашув ўтказди. Албатта, энг муҳим учрашув Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан ўзаро самимий мулоқотидир. Ташриф якунлари бўйича мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган матбуот анжуманида жаноб Зайд Раад ал-Ҳусайн мамлакатимиз раҳбари билан қарийб 1,5 соатлик мулоқотда жуда кўплаб масалаларда амалий келишувларга эришилганини эътироф этди. 
Бу бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон Президенти билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг мулоқоти очиқ, самимий ва амалий руҳда ўтди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, Зайд Раад ал-Ҳусайннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини Ўзбекистонда юксак қадрлайдилар. 
Учрашувда Ўзбекистон билан БМТ, ушбу нуфузли универсал халқаро ташкилот институтлари, шу жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида амалий ва очиқ мулоқотни янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Инсон ҳуқуқлари ва БМТ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Натижада томонлар ўртасида ўзаро яқин ва самимий муносабатлар ўрнатилди ва барча масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди. 
– Давлатимиз раҳбари учрашув давомида айнан қайси масалаларга эътибор қаратди? 
– Президентимиз биринчи навбатда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича ёндашувларининг асосий нуқталарини баён қилди. Бунда инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналиши экани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистоннинг асосий мақсади демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуришдан иборат бўлиб, халқимизнинг бу онгли танлови миллий манфаатларимизга тўлиқ жавоб беради. 
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича самарали қонунчилик тизими яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан бир қаторда 16 та кодекс ва 400 дан ортиқ қонун қабул қилинган. Конституциямиз халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос бўлиб, унда инсонларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари кафолати белгилаб қўйилган. 
Мамлакатимизда Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга асос солинган. Хусусан, 1995 йилда Парламент Омбудсмани лавозими жорий этилди. У инсон ҳуқуқларига оид масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича кўплаб ваколатларга, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ўз вакилларига эга. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ фаолият кўрсатаётанига 20 йилдан ошди. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва бошқа ташкилотлар фаолияти ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. 
Яқинда тасдиқланган ва моҳиятига кўра БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг “йўл харитаси”га айланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришни такомиллаштиришга доир яқин истиқболга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар дастури белгиланди. 
Жорий йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили, деб эълон қилинди. Одамларнинг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Жойларда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. 
Шунингдек, Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси очилди. Президент девони таркибида инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи учта янги тузилма ташкил этилди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича судга дахли бўлмаган янги механизм – Бизнес-Омбудсман тузилди. 
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда Олий Мажлис палаталари фаол иштирок этмоқда. “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида жорий йилда қарийб 50 та қонун ҳужжати қабул қилинади. Шу жумладан, ички ишлар идоралари, коррупцияга қарши курашга доир қонунлар аллақачон амал қилмоқда. Парламент назорати изчиллик билан жорий этилмоқда. Ҳукумат аъзолари парламентга ҳисобот бермоқда. Депутатлар ҳар ойда 10 кун жойларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганмоқда. 
Юртимизда оналар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинган. “Хабеас-корпус” институти босқичма-босқич жорий этилмоқда. Мамлакатимиз маҳкумлар энг кам давлатлар қаторига киради. 
Кейинги даврда судьяларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган қарорлар қабул қилинди. Янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилди. Судьялик муддатларига қатъий аниқлик киритилди. Яъни, судьялик лавозимига биринчи маротаба тайинлаш беш йилга, иккинчи маротаба — ўн йил, кейингисида муддатсиз тайинланиш (сайланиш) имкони яратилди. 
Ўзбекистонда очиқ фуқаролик институти ривожланмоқда. Мамлакатимизда 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Маҳалла институти уйғониш даврига кирди. Юртимизда миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлаш бўйича ноёб тизим яратилган бўлиб, 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув яшамоқда. Таълим 7 тилда олиб борилмоқда. Телерадио дастурлари 12 тилда тайёрланаётган бўлса, газета ва журналлар 14 тилда чоп этилмоқда. 
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг ўнта шартномасига қўшилган. Бугунги кунда ушбу ҳужжатларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва амалиётга жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан яқин ҳамкорликда кўрилган таъсирчан чоралар туфайли болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш иллатига барҳам берилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва қадриятларини тан олиши ҳамда ўзининг халқаро манфаатларига содиқ эканининг ёрқин ифодасидир. 
Энг муҳими, қабул қилинган қарорлар ва амалий ҳаракатлар натижасида халқнинг давлатга бўлган ишончи ортмоқда. Одамлар давлатга эмас, давлат одамларга хизмат қилиши амалда таъминланмоқда. 
Ўзбекистон Президенти ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашиш асносида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича барча йўналишларда Олий комиссар бошқармаси ва унинг минтақавий офиси билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. 
Хусусан, давлатимиз раҳбари “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида, биринчидан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва қонун устунлигини таъминлаш, иккинчидан, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни янада яхшилаш, учинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтларни мустаҳкамлаш, тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш каби устувор йўналишларда ўзаро ҳамкорликка шайлигини маълум қилди. 
– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Президентимиз қабулида ва бошқа учрашувларда асосан қайси мавзуларга урғу берди? 
– Бу ҳақда сўз борганда, албатта, Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани ва бу борада амалий чоралар кўрилаётгани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор этганини қайд этиш лозим. Шунингдек, юксак мартабали меҳмон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилгани ниҳоятда муҳим. 
Бошқа учрашувларда ҳам Ўзбекистон ва БМТ институтлари, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида томонларда ўзаро қизиқиш мавжудлиги қайд этилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. 
Олий комиссар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ҳаракатлар стратегияси” жуда жиддий ва ёрқин дастур эканини алоҳида таъкидлади. Унда БМТ ғоялари, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўз ифодасини топганини қайд этди. 
Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказидаги мулоқотда “Ҳаракатлар стратегияси” мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Делегация аъзоларига мамлакатимизда оналар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган учрашувда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонда “Ҳаракатлар стратегияси” асосида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда инсон ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилаётгани эътиборга лойиқ эканини таъкидлади. Мамлакатимизда сиёсий партияларнинг роли кучаяётгани ижобий ҳолат эканини қайд этиб, мамлакат ривожида парламент муҳим ўрин тутиши, бу тизимнинг ролини оширишга қаратилган механизм мустаҳкамланишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Олий комиссарнинг диққатини тортган яна бир муҳим хусусият шуки, миллий қонунларимизда халқаро ҳуқуқ нормалари эътиборга олинмоқда. 
Олий суддаги мулоқот асносида эса Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистон ҳукуматининг суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини ошириш ҳамда адолатли ва мустақил суд жараёнларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қилаётганини мамнуният билан таъкидлади. Олий Комиссарнинг фикрича, ушбу ташаббуслар халқаро андозалар талабларига жавоб беради, шунингдек мамлакат халқнинг фаровонлигини ошириш йўлида ўз ҳамкорлари билан мулоқот учун очиқлигидан далолат беради. Зайд Раад ал-Ҳусайн судьяларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш бўйича савиясини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. 
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари иштирокида бўлиб ўтган тадбирларда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган бошқа олий қадриятларни ҳимоя қилишга оид масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. “Ҳаракатлар стратегияси”да назарда тутилган чора-тадбирлар ижросида нодавлат нотижорат ташкилотлари иштироки, коррупцияга қарши курашиш, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш конвенциясини ратификация қилиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси каби қатор масалаларга эътибор қаратилди. 
Энг муҳими, барча учрашув ва мулоқотларда Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга ташрифидан кўзланган асосий мақсад ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат эканини, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади. 
Олий комиссар Ўзбекистонда қабул қилинаётган ҳар бир янги қонун ҳужжати инсон ҳуқуқларига тааллуқли халқаро стандартларга мувофиқлик жараёнидан ўтишини юқори баҳолади. У, шунингдек, сўнгги саккиз ой мобайнида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунлар, фармон ҳамда қарорлар қабул қилинганини эътироф этди. 
Шунингдек, Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистондаги халқ билан мулоқот, коррупцияга қарши кураш ҳамда сўз эркинлиги борасида олиб борилаётган ишларнинг таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Ҳукуматнинг амалга оширилаётган ишлар бўйича мониторинг олиб боришига эътибор қаратиб, бу ҳам мамлакатда шаффоф муҳит яратишдаги муҳим ижобий жиҳат эканини қайд этди.  
Бундан ташқари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини, жумладан, чегараларни белгилаш сингари нозик масалаларда амалий натижаларга эришилаётганини юқори баҳолади. 
– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Самарқанд сафари ҳақида батафсилроқ тўхталиш мумкинми? 
– Албатта. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасида бўлиб, бу ерда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар билан танишди. Халқ қабулхонасидаги тиббиёт хонаси, она ва бола хонаси ҳамда фуқароларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар ибратли тажриба сифатида эътироф этилди. 
Умуман олганда, 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ҳамда бундай қабулхоналар фаолиятининг йўлга қўйилгани юксак мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди. Унинг эътироф этишича, жойларда янги ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳолининг қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга хизмат қилади. 
Самарқандга сафар доирасида мартабали меҳмонлар Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Шаҳардаги Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Ҳазрат Дониёр зиёратгоҳи ва бошқа тарихий обидалар билан танишди. Ушбу масканларга саёҳат чоғида юртимизда аждодларимиздан мерос тарихий-маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва уларни келгуси авлодларга безавол етказиш, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди. 
Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, унинг мисолида ушбу ноёб институтнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва роли билан танишди. Меҳмонларга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, уларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, давлат бошқаруви идораларининг кўплаб ҳуқуқ ва ваколатлари мазкур институтга берилгани ҳақида ушбу маҳалла мисолида сўзлаб берилди. 
Самарқанд шаҳрида вилоятдаги миллий маданий марказлар ва диний конфессиялар вакиллари билан учрашув ҳам ўтказилди. Самарқанд вилоятида 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-осойишта ҳаёт кечириб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани, 10 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатаётгани Олий комиссарни ҳам мамнун этди, ҳам ҳайратга солди, десак, янглишмаймиз. 
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга илк ташрифи фойдали мулоқотларга бой бўлгани ва бу ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди. Шунингдек, у миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитининг таъминлангани юртимиздаги тинчлик-осойишталик, барқарор тараққиётнинг асосий омили эканига эътибор қаратди. 
“Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ушбу обидаларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Бир кунда Самарқанд билан танишиш имконсиз экан. Шунинг учун биз бу бетакрор шаҳарга яна келиш, самимий, меҳмондўст одамлар билан суҳбатимизни давом эттиришни ният қилдик”. Зайд Раад ал-Ҳусайн самарқандлик журналистлар билан мулоқотда айтган ана шу сўзларини пойтахтимизда ўтказилган якуний матбуот анжуманида ҳам такрорлади. Бу нимадан далолат беради? Фикримизча, ушбу самимий изҳор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг эл-юртимизга нисбатан юксак эҳтиромининг яна бир очиқ ифодасидир. 
Дарвоқе, матбуот анжуманида ташриф доирасида уюштирилган фуқаролик форумига ҳам эътибор қаратилди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари қайд этганидек, “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларга эришишда ҳукуматнинг фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда иш олиб бориши муҳим ўрин тутади. Бу, айниқса, жамоатчилик назоратини ўрнатиш имконини беради. 
– Ташриф якунлари бўйича қандай амалий натижаларга эришилди? 
– Ўзбекистон БМТ Олий комиссари бошқармаси билан қуйидаги йўналишларда изчил ҳамкорликни амалга ошириши ҳақида келишиб олинди: 
биринчидан, “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш ва ёрдам бериш; 
иккинчидан, инсон ҳуқуқларига оид, шу жумладан, хотин-қизларнинг тенглигини амалда таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш борасида ҳамкорлик қилиш; 
учинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хусусан, Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва ўзаро тадбирлар – турли анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказиш; 
тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини такомиллаштириш, бу борада ўқув қўлланмалари, рисолалар ва дастурлар билан ёрдам бериш; 
бешинчидан, Олий комиссарнинг Минтақавий офиси билан ҳамкорлик ўрнатиш; 
олтинчидан, БМТнинг махсус механизмлари, айниқса махсус маърузачилари ва шартномавий органлари билан ҳамкорликни кенгайтириш; 
еттинчидан, БМТнинг Умумий даврий ҳисоботи доирасида ҳамкорлик қилиш; 
саккизинчидан, Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва уларга муқобил маърузалар тайёрлашда амалий ёрдам бериш; 
тўққизинчидан, Ўзбекистон мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашиш; 
ўнинчидан, БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид халқаро шартномаларини, жумладан, Ногиронлар тўғрисидаги конвенцияни, Қийноқларга қарши конвенциянинг факультатив протоколини ратификация қилиш; 
ўн биринчидан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш. 
– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи қандай амалий аҳамиятга эга, деб ўйлайсиз? 
– Аввало, бу БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг мамлакатимизга илк ташрифидир. Бу, том маънода, тарихий ташрифдир. Ҳеч шубҳасиз, ушбу ташриф ғоят юксак даражада ўтди. 
Зайд Раад ал-Ҳусайн жанобларининг юртимизга ташрифи Ўзбекистон раҳбарияти билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида ўзаро тушуниш ва интилишлар муштараклигини тасдиқлади. Мазкур ташриф амалий ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар ва йўналишлар очди. Айниқса, ушбу ташриф Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янги, юксак босқичга кўтаргани билан улкан аҳамият касб этади. 
Ҳозирги мураккаб шароитда универсал нуфузли халқаро ташкилот сифатида БМТнинг аҳамияти ва роли тобора ортмоқда. Айниқса, БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари, хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ер юзидаги давлатларнинг тинчлик ва хавфсизликни, барқарор тараққиётни ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда етакчи ўрин тутади.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"