Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1241
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
104230
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 066 680

korruptsiya_180Дунёда жиноятнинг тури ҳам, амалга ошириш усули ҳам кўп. Бундан ташқари, улар ўз хусусияти ва хавфлилиги даражасига қараб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир қилмишларга, тажовуз объектига кўра эса шахсга қарши, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши, ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши, давлат ҳокимиятига қарши, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши, иқтисодиёт соҳасидаги, экология соҳасидаги жиноятларга бўлинади.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, бугунги кунда тобора авж олаётган одам савдоси, наркобизнес, халқаро терроризм ва диний экстремизм халқаро миқёсда авж олган энг хавфли жиноятлардан ҳисобланади. Чунки улар ҳудуд ва чегара билмайди, миллат ва элат танламайди, билъакс, барча халқлар тинчлиги ва осойишталигига бирдек таҳдид солиб, одамзодни минг бир балоларга, асоратлари осонликча битмас аянчли қисматларга дучор қилади.

Ижтимоий-ҳуқуқий оқибатлари хунуклиги жиҳатидан коррупция ҳам бу жиноятлардан қолишмайди. Унинг номи аслида лотинча бўлиб, ўзбекчада “айниш”, “порага сотилиш” ёки “бузиш”, “йўлдан оздириш”, “оғдириб олиш” каби маъноларни англатади. Моҳиятан амалдорларнинг ўзларига мансаблари бўйича берилган ҳуқуқларни ва ишониб топширилган давлат ваколатларини шахсан бойиш, моддий ёки номоддий наф кўриш  ниятида суиистеъмол қилишлари, бундай нафни қонунга хилоф равишда бошқаларга тақдим этишлари билан боғлиқ амалиёт саналади. Кўпинча уюшган жиноий гуруҳларга кўмаклашиш учун давлат хизмати имкониятларидан фойдаланишда намоён бўлади. Айниқса, давлат аппаратлари ва парламентлар фаолиятида чуқур илдиз отади, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини поймол қилиб, халқ орасида жиддий норозилик уйғотади. Алқисса, эл-юртнинг давлат идораларига ва адолатга ишончини йўқотади. Инсон маънавиятига путур етказиб, жамият ва мамлакат тараққиётига салбий таъсир кўрсатади.

Сирасини айтганда, коррупция ҳар қандай жамиятнинг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маънавий негизига болта урадиган, келажагига раҳна соладиган хавфли жиноятлар сирасига киради. Унга қарши курашиш эса халқаро миқёсдаги долзарб вазифа ҳисобланади. Шу боис, ҳозир барча мамлакатлар ушбу иллатга қарши кескин чоралар кўрмоқда. Истиқлол йиллари Ўзбекистонда ҳам бу борада диққатга молик ишлар амалга оширилди. Дебочасига  мамлакатимиз БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини ратификация қилиб, тегишли халқаро ҳужжатларга қўшилди. Сўнгра коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базасини яратиб, аниқ тизимини  шакллантирди.

Табиийки, коррупция балосига қарши курашиш даражаси, унинг амалий самараси кўп жиҳатдан жамиятда қонун устуворлигига, аввало, давлат идоралари, ҳуқуқ-тартибот, прокуратура ва суд органларининг ўзида унга қарши кескин кураш олиб борилишига боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шуни назарда тутиб, сайловолди чиқишларида бугунги устувор вазифаларимиздан бири мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш муаммоларини ижобий ҳал этишдан иборатлигини уқтирганди. Конституциямизниг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида эса “Биз “Адолат – қонун устуворлигида” деган тамойил асосида жамиятимизда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ишларимизни жадал давом эттирамиз”, дея алоҳида эслатганди. Бу гаплар замирида инсон шаънини ҳар нарсадан улуғ деб билиш, ҳамюртларимиз тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдек олий мақсадлар мужассамлашганди.

Шубҳасиз, жорий йилнинг 4 январидан эътиборан кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ўша эзгу ғояларнинг мантиқий давоми ва қонуний пойдевори сифатида вужудга келди. Унда, аввало, коррупция, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик, манфаатлар тўқнашуви сингари асосий тушунчалар мазмуни ҳуқуқий жиҳатдан аниқ-тиниқ изоҳланди. Қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари устуворлиги, жавобгарлик муқаррарлиги эса бу офатга қарши курашишнинг бош тартиб-қоидалари сифатида белгиланди. Давлат сиёсатининг айни соҳадаги асосий йўналишлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришдан, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўришдан, бу турдаги ҳуқуқбузарликларни вақтида аниқлаш, чек қўйиш, оқибатларини, сабаблари ва шарт-шароитларни бартараф этиш, жиноят жазосиз қолмаслиги тамойилини қўллашдан иборатлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Навбатдаги вазифа қонун ижросини таъминлашдан, жорий механизмларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиб, самарадорлигини тағин-да оширишдан иборат эди. Инчунин, Президентимиз 2 февралда соҳага дахлдор қарорни имзолади. Унга мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тўғрисидаги низом ҳамда 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланди. Дастур 51 банддан иборат бўлиб, асосий эътибор коррупцияга қарши курашни кучайтириш, тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, тадқиқотлар олиб бориш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадларига йўналтирилди. Шу асно коррупцияга бевосита ва билвосита қарши қаратилган, унинг тизимли сабаблари ва шароитлари олдини олишга хизмат қилувчи 10 та қонун, қатор қонуности ҳужжатлари, чора-тадбирлар режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, туркум тарғибот тадбирларини олиб бориш алоҳида назарда тутилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мукаммаллаштириш ва самарадорликка эришиш вазифалари белгилаб берилди.

Юқорида тилга олинган ҳужжатлар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг янги босқичини бошлашга туртки бўлди. Модомики, шундай экан, энди ҳақли савол туғилади: хўш, айни кезларда бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда ва нечоғли натижаларга эришилмоқда?

Пойтахтимизда “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш – коррупцияга қарши курашнинг энг муҳим мезони” мавзусида бўлиб ўтган республика илмий-амалий анжумани ана шу масалалар муҳокамасига бағишланди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати етакчи мутахассислари, тизимнинг айрим бошқармалари ҳамда комплекси ходимлари, турдош олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тингловчилари ва журналистлар қатнашдилар. Уларнинг эътиборига мавзуга оид ўнга яқин маъруза ҳавола қилинди.

Нотиқларнинг таъкидлашларича, коррупцияга қарши курашиш юртимизда изчил равишда  жадаллашаётган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини ишончли муҳофаза қилишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Соҳага тааллуқли қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат идоралари фаолияти очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлашга, бу органлар ва мансабдор шахсларнинг зиммаларидаги вазифаларни бажариш борасидаги масъулиятини кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш бўйича парламент ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга хизмат қилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида коррупцияга қарши компонентлар ҳисобланган Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва бу ислоҳотларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури, “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Давлат бошқаруви асослари тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Давлат ва хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ­ишлаб чиқиш вазифаси белгилангани мазкур йўналиш тобора тизимлашиб боришини англатмоқда. Таҳлиллар эса қаердаки қонунлар мукаммал бўлмаса ва  устуворлиги таъминланмаса, ўша жойда коррупция деган мудҳиш иллат авж олишини кўрсатмоқда.

Илмий-амалий анжуман ниҳоясида соҳанинг назариётчи ва амалиётчи мутахассислари кўрилган масалалар юзасидан зарур таклиф-тавсиялар ишлаб чиқишди. Шунингдек,  тингловчиларнинг саволларига  батафсил жавоблар беришди.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"