sigaret_160Икки аёл бозорда куйиб-пишиб нарсалар харид қилишаётганди. Бирининг қўлида рўйхат қоғози.

– Бўлди шекилли... Менимча, ҳамма нарсани олдик, – деди у қоғозга кўз югуртириб.

– Ие, сигарет билан “зажигалка”-чи? – деди кўзлари чақчайиб нариги аёл.

– Вой, эсим қурсин! Яхшиям ёдимга солдингиз, қўшни, энг асосий нарса эсдан чиқибди-я!

Улар тамаки маҳсулотлари сотиладиган дўконга кириб, икки қути сигарета ва икки дона “зажигалка” харид қилишди ва кўнгиллари хотиржам тортиб, уйга келишди. Беза­тилган катта саватдаги “куёвнинг парфюмерияси” ичига уларниям қўшиб қўйишди...

Бундай номаъқул одатни ким ўйлаб топган? Соғлиқ учун зарар бўлган нарсани юқори баҳолаб, куёвга “совға” қилиш... Элимизда азалдан “тўқликка шўхлик” деган ибора юради. Орамизда юқоридаги икки аёл сингари дунёқараши тор, калтафаҳм одамлар борки, бундайлар бачкана урф-одатлар, бемаза қилиқ ва ибо-ҳаёдан йироқ тил офатлари билан жамиятимизда қора доғ мисоли из қолдиришади. Уларга кўр-кўрона эргашаётганлар-чи?

Бир вилоятда қиз томондан куёвникига тўш обориш маросими жуда бачкана, тарбиявий аҳамиятга зид тарзда ўтишига гувоҳ бўлганман. Яъни қиз тарафдан келган беш-олти аёлга куёвжўралар ўтирган хонага жой қилинар, бу ерда куёвга аталган сарполар кийдирилиб, яна алламбало одатлар ўтар экан. Зиёфатда ўтирган йигитлар ичкиликдан аллақачон сархуш бўлган, кўзлари сузилиб, оғзига келган пойинтар-сойинтар гапларни гапиришарди. Улар пиёлаларга ароқ қуйиб, келин томондан келган аёлларга узата бошлашди. Аслида аёлларнинг ёши анча катта, бола-чақали, невара кўрганлари ҳам бор. Шундай экан, онаси ёки опаси тенги аёлга ароқ узутаётган йигит қаерда тарбия кўрган? У мусулмон фарзандими? Бундай ножоиз одат қаердан пайдо бўлган? Айтишларича, уларнинг урфи бўйи­ча, узатилган “шайтон суви”ни қайтариш куёв томонни менсимаслик бўлармиш. Шунинг учун аёллар узатилган пиёлаларни қўлларига тутишди. Ўғлини иккинчи марта уйлантираётган куёвнинг онаси ҳам оғзи қулоғида, “Қани, болаларимиз бахтли бўлишсин, олинглар!” дейишдан чарчамасди...

Яна бир қишлоқ жойда аёлларнинг гурунги ҳаммасидан ўтиб тушди.

– Воҳ, фалончапа, тўйларингиз зўр ўтди-да! Ўзиям ароқни яшиклаб олибсиларда...

– Э, нимасини айтасиз, тўй тўйдай бўлсин, дедик-да! Қимматлик қилсаям, шу зормандани тўкиб ташлайлик, дедик. Ҳамма мамнун...

– Ҳа, тўй дегани ароқ билан-да, ана, фалончилар ўзларича эскича тўй қилишди, одамлар тезда тарқаб кетди, тўйгаям ўхшамади.

Мана, айрим аёлларимиз қаергача етиб келди. Эркаклар буёқда қолиб, энди ичкиликбозлик улар учун оддий ҳолга айланибди. Кундан кунга одамлар тўй-маъракаларни ўтказиш борасида анча саводсизлашиб-омилашиб боряптики, бунинг олдини олиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар “жонсиз” ҳолича қолиб кетяпти.

Яқиндагина “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг аҳолига мурожаати, Президентимизнинг селектор йиғилишидаги куюниб гапирган гаплари яна бир карра одамларни ҳушёр торттирган бўлса ажаб эмас. Юртимизнинг маърифатпарвар инсонларидан бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз даврида “Миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир”, деб жуда тўғри ёзган эди. Урф-одат деб инсонийликка хос бўлмаган нарсаларни ўйлаб топаётганлар қаердан пайдо бўляпти? Гап гаплигича қолиб кетмаслиги учун, аввало, ишни маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётганларнинг ушбу ишга бош-қош бўлиш­ларидан бошлаш зарур, деб ўйлайман. Маҳаллаларда беғам-беташвишлар эмас, куюнчак инсонлар ишласагина ижобий натижаларга, албатта, эришилади.

Роҳат ҚУРБОНОВА.