meva_export_160Оқдарё туманининг экин майдонлари икки дарё оралиғида жойлашган. Жаннатмонанд бу ҳудудни Миёнкол деб аташади. Унда азалдан деҳқончилик ривожланган. Ҳозир ҳам шундай. Айниқса, ғалладан юқори ҳосил олинади. Туман қишлоқ хўжалиги тараққий топишида фермерлар билан қаторда, деҳқон хўжалиги ва шахсий ёрдамчи хўжалик эгаларининг ҳам хизматлари катта. Улар жами майдони 3662 гектар томорқада мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва бошқа ноз-неъматлар етиштиришади, эҳтиёжларидан ортганини бозорга чиқаришади.

– Одамларимиз ерни беҳад қадрлаб, ҳар қаричидан  имкон қадар унумли фойдаланишади, – дейди “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азамат Бегимов. – Масалан, Хуршид Сатторовни олайлик. У гардкамига иш тутиб, қуёнчиликка қўл урди. Мўмайгина даромад ола бошлагач, бу жониворларнинг наслли зотларини кўпайтиришга киришди. Шу мақсадда Италиядан оқ тусли “Янги Зеландия”, Россиянинг Самара вилоятидан “Велекан”, Қозоғистоннинг Остона шаҳридан “Бельгия фландери” зотли қуёнларни келтириб, қатъий рацион асосида парваришлай бошлади. Улардан туғилган қуёнчалар 5 ойда 10-15 кимлограммгача тош босар экан. Хуршид Сатторов яқинда уларнинг 400 тасини савдога чиқарди. Қуён терисини эса 2500-5000 сўмданга сотди. Айни кезларда у қуёнлардан ташқари, 100 та товуқ ҳам парваришлаяпти. Ҳар куни 70-80 дона  тухум сотаяпти.

Яна бир қувонарли дадил. У 30 сотихлик томорқасининг икки сотихини топинамбурга ажратган эди, аллақачон кутилган даражада ҳосил олишга улгурди. Эндиликда ғоз ва бедана боқишни ўзлаштириш ниятида.

Шу маҳаллада яшовчи Абдурауфхон Аллаев 14 сотихлик томорқасида деҳқончилик қилиш билангина кифояланмай, 12 йилдан буён асалари боқиб келади. Эвазига ҳар йили ўртача 15-18 миллион сўм миқдорида даромад кўради. Чоғроққина иссиқхона имкониятларидан унумли фойдаланиб, 3 тоннача помидор ва бодринг олади.

– Мен узоқ йиллардан буён томорқамдаги уч сотихли иссиқхонада лимон ҳам етиштираман, – дейди у. – Дастлаб дарахтсимон навларини кўпайтирдим. Бироқ уларни парваришлаш қийин кечди. Сўнгра бутасимон кўчатларини пайванд қилдим. Улар бир йилда ҳосилга кириб, уч йилда 50 килограммдан ҳосил бера бошлади. Эндиликда 70 тупидан 7-8 тоннагача мева териб олаяпман. Февралда экилган минг туп бодрингдан эса Наврўз байрами арафасида 3 тонна ҳосил кўтардим. Сентябрда ўтқазилганидан ҳам катта даромад орттиришни мўлжаллаяпман. Математика фани ўқитувчиси бўлганим учун рўзғорга керакли нарсаларни доимо ҳисоб-китоб қилиб бораман. Оилада 11 кишимиз. Гуруч ва гўштни айтмаса, бозордан бошқа нарса харид қилмаймиз...

Абдурауфхон Аллаевнинг қўшниси Моҳия Жўрақулова ҳам иссиқхонасида бодринг парваришлар экан. Бу оила аъзолари иссиқхона қуришганида дурустроқ фойда кўришларига унчалик ишонишмаганди. Кейинчалик 2 сотих ердан ҳар 2-3 ойда 9-10 миллион сўмдан даромад ола бошлашгач, иссиқхонани кенгайтиришди. Пировардида моддий аҳволларини анча ўнглаб, уйни янгилашди, машина олишди, тўй қилишди. Эр-хотин бултур муборак Ҳаж сафарига бориб келишди.

– Охирги пайтларда уддабурон тадбиркорларимиз сафи янада кенгайди, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуршид Мирҳодиев. – Чунки тижорат банклари томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш имкониятлари ва кредитга бўлган эҳтиёжи ўрганилиб, кўплаб хонадонларда ялпи майдони салкам 20 гектарлик иссиқхоналар қурилди. Оилаларга 35 мингдан зиёд парранда тарқатилди. Томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун туман бўйича 32 минг туп лимон, 31,5 минг туп ёнғоқ кўчатлари ўтқазилди, 35,5 минг хонадоннинг ҳар бирига 100 тадан товуқ  берилди.

Абдурасул САТТОРОВ.