laborant_160Янги асримизга ХХ асрдан мерос бўлиб ўтган муаммолар талайгина. Буларнинг ичида энг оғири, шубҳасиз, “XXI аср ўлати” деб аталаётган ОИВ/ОИТС хасталигидир. Эслатиб ўтамиз, бу касаллик биринчи марта 1981 йили АҚШдаги юқумли касалликларни назорат қилиш Маркази томонидан пневмоцист пневмонияси ва саркома Капоши билан оғриган беморлар ўртасида қайд қилинган. Яъни уларда Т-ҳужайрали иммун танқислиги топилган. Орадан бир йил ўтиб эса, одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) келтириб чиқарадиган касаллик юқумли эканлиги аниқланди.

Тез орада бедаво дард деб ҳисоблана бошланган ОИВ касаллиги жаҳоннинг деярли барча мамлакатларидаги фуқароларда топилди. Мутахассислар фикрича, бу вирус охир-оқибат киши танасидаги ёт моддалар – бактерия, вирус, замбуруғ кабиларга қарши курашувчи ҳимоя воситаси бўлган иммунитет тизимини емиради. Натижада организмда ОИВнинг сўнгги босқичи – одамнинг иммунитет танқислиги синдроми аломатлари, яъни ОИТС пайдо бўлади.

АҚШ олими Р.Галлонинг фикрига кўра, Марказий Африка ўрмонларида яшовчи яшил маймунларда худди ОИТСникига ўхшаш вирус топилган. Бу вирус ўз вақтида одамларга ўтган, сўнгра АҚШга келган африкаликлар орқали тарқаган.

– Маълумки, аксарият касалликларда клиник белгилар тез намоён бўлгани учун бемор тиббий мутаххасисга мурожаат этиб, касаллиги ҳақида маълумот олади, – дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Нурмат Отабеков. – ОИВ инфекциясининг маккорлиги шундаки, одам анча пайтгача шу касалликка чалинганлиги ҳақида мутлақо билмаслиги мумкин. Яъни бемор ОИВ билан зарарлангандан кейин касалликнинг яширин даври 3 ойдан 2 йилгача ёки 5-8 йил ва ҳаттоки ундан ҳам ортиқ (!) давом этади. Аксарият ҳолларда бу давр юқиш йўлларига қараб қисқа ёки узоқ бўлади. Яширин давр ўтгач, касалликнинг айрим белгилари аста-секин ривожланиб боради. Жисмоний меҳнат қилганда тез чарчаш, дармонсизлик, тана ҳароратининг 37-38 даражагача кўтарилиши, кечалари терлаш, бўйин, қулоқ орти, тирсак ва чов лимфа безларининг катталашиши, иштаҳа ва уйқунинг бузилиши орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС)нинг дастлабки белгилари ҳисобланади. Вақт ўтиши билан киши озади, меъда-ичак фаолияти бузилиб, ич кетиши кузатилади. Кейинчалик беморда зотилжам ривожланиб, лаб, бурун, оғиз бўшлиғи ва жинсий аъзолар шиллиқ қаватига ва атрофларига учуқ тошади. Булар бир-бири билан қўшилиб, йирингли ярага айланади, улар узоқ вақтгача тузалмай, беморнинг аҳволини янада ёмонлаштиради. Бу орада бемордаги ҳимоя воситаси бўлган иммунитет тобора кучсизлана боради.

Мутахассиснинг билдиришича, ОИВ инфекцияси соғлом кишиларга беморлардан қуйидаги ҳолатларда юқиши мумкин:

– жинсий алоқа орқали;

– беморга ишлатилган тиббий ва маиший ўткир, кесувчи асбоблар (нина, қайчи, пичоқ, сартарош, педикюр, маникюр асбоблари ва ҳоказо) етарлича стерилизация қилинмасдан қайта ишлатилганида;

– ОИВ инфекциясига чалинган ҳомиладор аёлдан болага ҳомиладорлик пайтида, туғиш пайтида ва кўкрак сути орқали юқади.

Таъкидлаш жоиз, ушбу инфекция бемор билан суҳбатлашганда (йўтал, аксириш ва бошқалар), қўл бериб кўришганда, қучоқлашганда, бир идишда овқатланганда, ваннада чўмилиш орқали, шунингдек қон сўрувчи ҳашаротлар орқали юқмайди.

Мамлакатимизда ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва даволаш ишлари халқаро талаб даражасида йўлга қўйилган. Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекис­тон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва даволашга қаратилган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилаяпти.

Бироқ дунё бўйича бу борадаги вазият анча мураккаб. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 1990 йилнинг декабрь ойигача ер юзида 8 миллиондан ортиқ киши ОИВ инфекциясини юқтирган, ОИТС билан касалланганлар сони эса 300 мингдан ортиқ бўлган. Бироқ мазкур хасталик бўйича эпидемиологик вазият дунё бўйича кескинлашиб бораверди. Чунончи, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича дастури ЮНЭЙДС ҳисоботларида баён қилинишича, бугунги кунда дунё бўйича 36,9 миллион киши мазкур касалликка чалинган бўлиб, уларнинг қарийб 70 фоизи Африкада истиқомат қилади. ОИВ инфекцияси билан яшаётган беморларнинг 50 фоизга яқини аёллардир, 45 фоизининг ёши эса 25 дан ошмаган. Ҳар йили жаҳон бўйича деярли 2,5 миллион киши ОИВ инфекциясини юқтиради, 2,1 миллион одам эса инфекция асоратларидан вафот этмоқда. Бошқача айтадиган бўлсак, дунёда ҳар куни 7 минг киши ОИВ инфекциясини юқтириб олаяпти.

Касалликнинг юқиш хавфи юқори даражада эканлиги бутунжаҳон ҳамжамиятини унга қарши биргаликда курашишга чорлади. Кенг кўламли ҳамкорлик натижаси ўлароқ, ҳар йили бутун дунёда 1 декабрь – Халқаро ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Айни пайтда БМТ томонидан 2011–2015-йилларда ОИВни камайтиришга­ доир глобал стратегия­ амалга оширила бошланди.

Албатта, илм-фан ривожланиши, тиббиёт тараққиёти инсоннинг соғ-омон, узоқ умр кўриши учун хизмат қилмоқда. “Аср ўлати”га қарши кураш олиб боришда ҳам қўлни қўлга бериб фаолият олиб бораётган олимлар ва тадқиқотчилар муайян ютуқларга эришмоқдалар. Жумладан, 2006 йилдан бошлаб ОИВ инфекциясини юқтириб олган беморларга махсус антиретровирус (АРВ) дорилар тавсия қилинмоқда. Яъни бундай дорилар ёрдамида ОИВ вирусини юқтириб олганлар умрларининг охирига қадар ОИТС касаллигига чалинмасдан яшашларига имконият туғилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2015 йилга келиб дунё бўйича 15 миллион нафар беморга нисбатан антиретровирус терапия (АРВТ) ҳамда махсус дори-дармонлар ёрдамида амалга ошириладиган даволаш чоралари қўлланмоқда.

Касалликка қарши курашда эришилган яна бир муҳим ижобий ютуқ шундаки, инфекцияли ҳомиладор аёлдан соғлом бола туғилишини кафолатлайдиган тиббий хизмат йўлга қўйилди. Биргина 2014 йилда дунё бўйича 7 мингдан ортиқ ОИВ инфекцияли ҳомиладор аёллар АРВТ даволаш усули ёрдамида даволанган ва уларнинг аксариятидан соғлом бола туғилишига эришилган.

– Мамлакатимизда 2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқа­радиган касаллик (ОИВ ин­­­фек­цияси) тарқалишига қар­ши курашиш тўғрисида”ги қо­нун соҳа фаолиятида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Нурмат Отабеков. – Қонунда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, бу бо­радаги фаолиятни мувофиқлаштирадиган давлат ва жа­моат органларининг ваколатлари, ОИВ бўйича тиббий текширувдан ўтказиш тартиби, хасталик инфекциясини юқтирган беморларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган. Шу билан бирга, ОИВ бўйича тиббий текширувдан ўтказишда махфийликни таъминлаш, бу жараёнда аҳолига замонавий тиббий диагностика хизматини кўрсатиш йўналишлари ҳам алоҳида меъёрлар билан мус­таҳкамланган.

Ушбу қонун қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 сентябрдаги “2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ 256-сонли қарорлари қабул қилинди. Бундай меъёрий ҳужжатлар, ҳуқуқий асослар инфекцияга қарши самарали кураш олиб боришда муҳим омил бўлмоқда.

Бу борадаги ишлар сифатини янада яхшилаш, даволашнинг янги усулларини ўзлаштириш мақсадида Республика ОИТСга қарши курашиш маркази ҳузурида ташкил этилган махсус клиникада ОИВ инфекциясини юқтирган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбекистон БМТнинг ОИВ инфекциясига чалинган­ларнинг камситилишига қар­ши кураш бўйича халқаро декларациясига қўшилган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мамлакатимиз қонунчилигида тўлиқ кафолатланган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, одамнинг иммунитет танқислиги вируси оқибатида келиб чиқадиган касаллик – ОИВ инфекцияси бугунги кунда инсоният олдида турган глобал муаммога айланган. Шубҳасиз, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олиш афзал. Шу сабабли “аср ўлати” аталмиш ОИВ/ОИТС хасталигининг мудҳиш асоратларидан фуқароларимизни бохабар этиш, ёшларимиз онгига умрбоқий маънавий қадриятларимизни, миллий тарбияни сингдириш барчамизнинг вазифамиздир. ОИВ инфекциясига қарши кураш тадбирларида нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятини, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича ишларни янада кенг йўлга қўйиш зарур. Айни пайтда соғлом турмуш тарзи, гўзал ахлоқ, юксак маънавият эгаси бўлиб яшаш бундай хасталикка чалинмасликнинг бирдан-бир воситаси эканини унутмайлик.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА.