dollar_160Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК депатаментининг Тошкент шаҳар бошқармасига фуқаро Гулноза Саъдуллаева мурожаат қилиб, Ҳусан Кубаев (исм, фамилиялар ўзгартирилган) исмли шахс Юнусобод туманида жойлашган “Олой” бозори ҳудудида хорижий валюта сотиш билан шуғулланаётганини маълум қилди. Тезкор гуруҳ дарров ишга киришди. Улар воқеа жойига етиб боришганда, ҳақиқатан ҳам, Ҳусан Кубаев Гулнозага бир АҚШ долларини 3060 сўмдан, жами 14000 доларни эса 42 840 000 сўмга сотаётган экан. Лекин “сотиш операцияси” амалга ошмай қолди. Тезкор гуруҳ Ҳусанни жиноят устида қўлга олди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг очиқ мажлисида Ҳусан Кубаев айбига тўла иқрор бўлди. Унинг жиноий ҳаракатлари гувоҳлар кўрсатмалари билан ҳам тўла исботини топди. Ҳ. Кубаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177 моддаси, 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва энг кам иш ҳақининг 150 баравари миқдорида жаримага тортилди. Бундан ташқари, ашёвий далил – 14000 АҚШ доллари давлат эгалигига ўтказилди.

Энди Ҳусан Кубаев ўз қилмишидан пушаймон. Судда ҳам валютафурушлик қилиб нотўғри йўлга кирганини, бу ишидан пушаймон эканлигини кўп бора такрорлади. Лекин “Кейинги пушаймон, ўзингга душман”, дейди халқимиз. У бир касб эгаллаб қонун доирасида ишлаганда шунча маблағидан ажралмаган, шунча жарима тўламаган, энг асосийси, жиноят устида қўлга тушиб, танишлари ошно-оғайнилари, оиласи олдида юзи шувит бўлмас эди. Бугун шаҳарларимизнинг айрим кўча ва бозорларини ўзига макон қилиб олиб, яширинча валютафурушлик билан шуғулланаётганлар шуни унутмасликлари керакки, қонунни бузган ҳар қандай шахс бир кун, албатта, жазосини олади.

Асқар КАРИМОВ,

СВОЖЖДЛҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ВОЖАБЭОО бўлими катта инспектори.